Талаба ва битирувчилар Болгарияда ишлаш имкониятлари билан таништирилди
Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида талаба-ёшлар ва битирувчилар учун Болгарияда меҳнат фаолиятини олиб бориш имкониятларига бағишланган семинар ташкил этилди.
Семинарда хорижда иш тажрибасини орттириш, чет тилларини амалиётда мустаҳкамлаш ҳамда халқаро меҳнат муҳити билан яқиндан танишиш истагидаги ёшлар учун таклиф этилаётган дастур имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, дастур доирасида талабалар учун 3 ва 6 ойлик мавсумий ишлар, битирувчилар учун эса узоқ муддатли иш ўринлари таклиф этилмоқда. Иш фаолияти асосан меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олади.

Дастур иштирокчилари учун иш берувчи томонидан бориш ва қайтиш авиачипталари, бепул турар жой, кунига уч маҳал иссиқ овқат ҳамда тўлиқ тиббий суғурта билан таъминлаш имкониятлари яратилган.

Семинар давомида ёшларнинг хорижда қонуний меҳнат фаолиятини олиб бориши, халқаро тажриба орттириши ва касбий кўникмаларини ривожлантириши учун яратилаётган имкониятларнинг аҳамияти таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири