Жиззахда газ тармоқлари янгиланиб, таъминот устидан назорат кучайтирилмоқда
Жиззах вилоятида 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий ҳамда суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш, мавжуд тармоқларни модернизация қилиш ва тақсимот жараёнларида шаффофликни ошириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 321 мингдан ортиқ истеъмолчига қарийб 6 минг километрлик газ қувурлари, минглаб газ тақсимлаш пунктлари ҳамда маиший газ баллонлари орқали хизмат кўрсатилмоқда.
Мавсумга тайёргарлик доирасида 78 та объектда 64,8 километр газ қувури реконструкция қилиниб, 132,5 километр тармоқ тартибга келтирилди. Натижада 57 та маҳалладаги 53 мингдан зиёд истеъмолчининг газ таъминоти сезиларли даражада яхшиланди.
Бу борадаги амалий ишлар Шароф Рашидов туманида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, ҳудудда 6,5 километр газ қувури янгиланди. “Куёвбоши” ва “Янгидиёр” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидан ўтган диаметри 219 ва 159 миллиметр бўлган табиий газ қувурлари тўлиқ техник таъмирланиб, уларнинг ташқи кўринишини тартибга келтириш ишлари олиб борилмоқда.
— Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш ва истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш асосий вазифамиздир, - дейди «Шароф Рашидов тумангаз» газ таъминоти бўлими бошлиғи Эркин Самандаров. — Бу борада нафақат табиий газ тармоқларини соз ҳолатга келтириш, балки суюлтирилган газ етказиб бериш тизимида ҳам қатъий тартиб ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят бўйича октябрь–март ойларида 194 та маҳалладаги 131 мингдан ортиқ хонадонга, жумладан, олис ва бориш қийин бўлган 13 та маҳаллага жами 11 минг 368 тонна суюлтирилган газни 40–45 кунлик даврийликда етказиб бериш белгиланган. Шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган техник носозликларни тезкор бартараф этиш мақсадида 14 та авария-тиклаш бригадаси туну кун навбатчилик қилиш учун шай ҳолатга келтирилди.
Суюлтирилган газ тақсимотида суиистеъмолчилик ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида «Ҳудудгаз Жиззах» газ таъминоти филиали ҳамда вилоят ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати ходимлари ҳамкорлигида назорат кучайтирилди.
Хусусан, «Ғаллаорол» газ тўлдириш шохобчасида маиший газ баллонларини тўлдириш ва тарқатиш жараёнлари доимий кузатувга олинган. Қўриқлаш хизмати ходимларининг жалб этилиши газ баллонларининг белгиланган тартибда бевосита истеъмолчиларга етказилишини назорат қилиш, тақсимотда шаффофликни таъминлаш ва эҳтимолий қонунбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, жорий йилда вилоятда аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш ва таъминот имкониятларини кенгайтириш мақсадида қўшимча 3 минг 655 дона маиший газ баллони ҳамда маҳсулотни етказиб бериш учун 2 та янги махсус транспорт воситаси харид қилинди.
[gallery-32655]
Амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, газ таъминотида узилишларнинг олдини олиш, тақсимот жараёнларида очиқлик ва назоратни кучайтириш ҳамда куз-қиш мавсумини барқарор ўтказишга қаратилган.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА