Ўзбекистон ва Корея: Муҳим келишувлар имзоланди
Сеул шаҳрида “Корея ва Марказий Осиёнинг ўсиш ва инновация йўлидаги келажак ҳамкорлиги” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Корея Республикаси савдо, саноат ва ресурслар вазири Ким Жунг-Кван, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг тегишли идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Эътиборли жиҳати, мазкур учрашув “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммити арафасида бўлиб ўтди. Янгича форматдаги вазирлар йиғилиши сиёсий мулоқотни саноат, савдо ва технология соҳасидаги аниқ кун тартиби билан тўлдириш, шунингдек минтақа корхоналари ва Корея бизнеси ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Қайд этилганидек, 2025 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси билан товар айирбошлаш миқдори қарийб 10 фоиз ошиб, 10 миллиард долларга етди. Жорий йил январь-июль ойларида ушбу кўрсаткич 25 фоиз ўсиш билан 6,5 миллиард долларни кўрсатди. Ўзбекистонда Корея ва минтақа мамлакатлари капитали иштирокидаги 3 000 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Бу ҳолат ўзаро етказиб беришдан ишлаб чиқаришни ташкил этиш, маҳаллийлаштириш ва минтақавий қўшилган қиймат занжирини шакллантириш имконини бермоқда.

Кейинги қадамлар сифатида Ўзбекистон томонидан техник тўсиқларни бартараф этиш, сертификат ва синов натижасини ўзаро тан олиш, аниқ юқори технологияли лойиҳаларни ўз ичига олган Саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқиш, саноат ташаббусларининг ягона рақамли платформасини яратиш ҳамда вазир ўринбосарлари даражасида доимий фаолият юритувчи эксперт гуруҳини шакллантириш таклиф этилди. Илгари сурилган барча ташаббуслар корейслар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Муҳокаманинг технология қисми савдо, инвестиция, саноат инфратузилмаси, муҳим минераллар соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришга сунъий интеллектни жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш масалаларига бағишланди. Автоматлаштирилган сифат назорати, ускунага прогнозли техник хизмат кўрсатиш, энергия самарадорлиги ва ишлаб чиқариш маълумотини таҳлил қилиш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди. Марказий Осиё корхоналари технологик эҳтиёжини Корея компаниялари салоҳияти билан уйғунлаштириш ҳамда муҳандис ва технологлар учун касбий стажировка дастурларини кенгайтириш ҳам режалаштирилди.
Йиғилиш якунида саноат ва таъминот занжири соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма меморандум имзоланиб, “Корея Республикаси – Марказий Осиё” саноат вазирлари Маслаҳатлашув механизми биринчи йиғилиши қўшма баёноти қабул қилинди.

Дастур доирасида Лазиз Қудратов ва Ким Жунг-Кван музокара ўтказди. Стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмаларни излаш ва ўзлаштириш бўйича умумий платформа яратиш, шунингдек экспорт салоҳияти ва савдо ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган келишувлар имзоланди.
Гўзал Сатторова, ЎзА