Таҳлилий ва танқидий руҳдаги йиғилиш
Нурафшон шаҳрида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев раислигида бир қатор муҳим масалалар юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят прокурори, ИИББ, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, котибият мудирлари, гуруҳ раҳбарлари, вилоят бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, ҳудудий туман-шаҳар масъуллари, “маҳалла еттилиги” иштирок этди.
Дастлаб, 2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари ижроси юзасидан ҳудудларда олиб борилаётган ишлар сарҳисоб қилди. Айтиш мумкинки, жорий йилда 115,7 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш белгиланган. Таҳлил қилинганида, раҳбарлар томонидан айрим йўналишларда иш ўринлари ташкил этишга етарлича эътибор қаратилмаётгани ёки имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётгани маълум қилинди.

Масалан, январь-февраль ойларида 3 минг 184 та оилаларга жами 5 минг 220 та хизматлар кўрсатилган. Бу бўйича Оҳангарон, Бекобод шаҳарлари ва Бекобод туманида юқори натижага эришилган. Бироқ Оҳангарон, Бўстонлиқ, Янгийўл туманларида бу борадаги ишлар суст экани қайд этилди. Шунингдек, бу йил вилоят маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича “маҳалла еттилиги”, яъни “Ижтимоий профилактика” томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам сўз юритилди.
Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан камчиликка йўлга қўйган ҳокимлар ва раҳбарлар қатъий огоҳлантирилди. Йўналишлар бўйича аниқ топшириқлар берилиб, муддатлари белгиланди.
А.Мусаев, ЎзА