Таэквондочиларимиз бош совринни кўзламоқда
Президент кубоги мусобақасининг илк кунида 12 нафар таэквондочимиз баҳсларга киришади.
Покистонда таэквондо WT бўйича “8th World Taekwondo President’s Cup – Asia” халқаро турнири старт олди. G3 тоифасидаги мусобақанинг кёруги йўналишидаги баҳслари бугундан бошланиб, унда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 12 нафар вакили татамига чиқади.
Дастлабки кун доирасида эркаклар ўртасида 58 килограмм вазн тоифасида Асадбек Самандаров ҳамда Омонжон Отажонов, 74 килограммда Нажмиддин Қосимҳожиев, Мироншоҳмирзо Музаффаров ва Аҳаджон Мухторов, +87 килограммда эса Худойназар Шодмонов ва Марат Мавлонов иштирок этади.
Аёллар ўртасида 62 килограмм вазн тоифасида Севинч Ҳайитова, Моҳидил Ўктамжонова ва Диёра Азизова, +73 килограммда Светлана Саидова ҳамда Ирода Миртожиева юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА