Тадбиркорни қўллаб-қувватлаш — устувор мақсад
Зомин туманида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва тадбиркорлик фаолиятини чуқур ўрганиш мамлакатимизда Президент қарор ва фармонлари ижроси изчил таъминланаётганининг ёрқин ифодасига айланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриевнинг хизмат сафари айнан шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ҳудуддаги мутасаддилар ҳамроҳлигида ўтган ўрганишлар жараёнида “Зомин технопарки” махсус саноат зонасида фаолият юритаётган корхоналар иши атрофлича таҳлил қилинди. Инвестиция лойиҳаларининг амалий натижалари, ишлаб чиқариш қувватлари ва истиқболдаги режалар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Энг муҳими, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қийнаётган масалалар тўғридан-тўғри эшитилди.
[gallery-28853]
Даштобод шаҳарчасидаги “Artel Electronics Zomin” ҳамда “Ermak Plus” масъулияти чекланган жамиятларидаги иш жараёнлари билан танишиш чоғида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт ҳажмини кенгайтиришга алоҳида урғу берилди. Бу эса, ўз навбатида, юртимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати амалда ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Учрашувлар давомида инвестиция лойиҳаларининг бажарилиши, уларнинг иқтисодий қайтими ва соҳадаги мавжуд тўсиқлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорлар учун янада қулай муҳит яратиш борасида аниқ таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бундай тизимли ёндашув ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва энг муҳими, тадбиркорликни барқарор ривожлантиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА