Тадбиркорликнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамлангани янги имкониятларни очмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис кун тартибидан бир қатор қонун лойиҳалари ва парламент назоратига оид масалалар ўрин олган.
Мажлисни кириш сўзи билан очган Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Р.Ҳакимов мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда бўлиб ўтган «Мустақил Ўзбекистон – 35 йиллик тараққиёт йўли: ислоҳотлар, натижалар ва истиқболлар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди. Унда хорижий парламентарийлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни кенг эътироф этганини таъкидлади.
Шунингдек, Спикер ўринбосари бугун бўлиб ўтаётган Президентимизнинг тадбиркорлар билан навбатдаги VI Очиқ мулоқоти хусусида ҳам тўхталди. Қайд этилганидек, мазкур мулоқотга тайёргарлик доирасида тадбиркорлардан 6 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 4,2 мингдан зиёди ижобий ҳал этилган.
Юртимизда тадбиркор ва ишбилармонлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар бартараф этилаётгани, логистика харажатлари, экспортга чиқиш, маҳсулотларни сертификатлаш ва божхона жараёнлари соддалаштирилаётгани, ишбилармонлар билан тизимли ишлар олиб борилаётгани эътироф этилди. Соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилаётгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, “Тадбиркорлар куни” арафасида бир гуруҳ тадбиркорлар давлат мукофотлари билан тақдирлангани юртимизда уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор намунаси эканлиги таъкидланди.
М.Комилова, ЎзА