Қўқон давлат университети маҳалла ёшлари ўртасида энг кучлиларни сараламоқда
Қўқон давлат университети ташаббуси билан амалга оширилаётган "Долзарб 90 кун" лойиҳаси доирасида маҳалла ёшлари учун ташкил этилган спорт мусобақаларининг якуний босқичи бўлиб ўтмоқда.
17 август куни шахмат, шашка ва армрестлинг бўйича энг муносиб иштирокчилар ғолиблик учун баҳслашди.
Мусобақалар ёшларнинг спортга қизиқишини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва маҳаллаларда соғлом рақобат муҳитини кучайтиришга қаратилди. Беллашувларда турли маҳаллалардан ташаббускор ва спортга қизиқадиган ёшлар қатнашиб, ўз билим, куч ва маҳоратини намойиш этди.

Муросасиз кечган баҳсларда шахмат бўйича ўғил болалар орасида Райхон МФЙ вакили С. Муҳаммадов, қизлар ўртасида Афғонбоғ МФЙдан Д. Қўшмақова ғолиб бўлди.
Шашка баҳсларида Калвак Гузари МФЙ вакили Ф. Расулов ўғил болалар орасида, Афғонбоғ МФЙ вакили М. Тўхтасинова эса қизлар ўртасида 1-ўринни эгаллади.

Армрестлингда эса 60+ кг вазн тоифасида Ганжиравон МФЙ вакили С. Набиев, 70+ кг вазн тоифасида Парпашабоп МФЙ вакили С. Раҳматуллаев, 90+ кг вазн тоифасида Азизтепа МФЙ вакили Ж. Мирбобоев энг юқори натижани қайд этди.
Мазкур мусобақалар маҳалла ёшларини фаол ҳаёт тарзига кенг жалб этиш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва спорт орқали ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА