Тадбиркорликни ривожлантириш эътиборда
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Учқўрғонда ҳоким ёрдамчилари ташаббус ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича учрашув ўтказди.
Айни вақтда Учқўрғондаги мавжуд 64 та маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритиб келаётган тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари томонидан тадбиркорлик субъектларининг муҳим таклифлари ўрганилмоқда. Шу орқали маҳаллабай тадбиркорликни ривожлантиришнинг “Наманган тажрибаси”ни бутун мамлакат бўйлаб кенг оммалаштириш назарда тутилмоқда.

“ЎзТекс” кластер корхонасида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали иш ўринлари, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича иқтисодий ташкилотлар, тижорат банклари билан алоқаларини мустаҳкамлаш, кредитлашда жамғармалар ёрдамидан фойдаланиш бўйича таклифлар илгари сурилиб, кўтарилган долзарб масалаларнинг аниқ ижрочи масъуллари ва мудлатлари белгилаб берилди.
Бундан буён, вилоят раҳбари иштирокида ҳар ҳафтада уч марта Наманган шаҳри ва туманларида тадбиркорлар, инвесторлар, экспортёр ва импортёрлар билан учрашувлар уюштирилади. Мазкур мулоқотлар давомида ҳудудлардаги ечимини кутиб турган муаммолар ҳал этилади.

Маълумот учун, якунига етаётган жорий ҳафтада “Ҳоким ва тадбиркорлар, инвесторлар” учрашуви жойларда икки марта ўтказилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА