Ижтимоий ҳимоя: ҳар бир хонадон эътиборда
Ижтимоий ҳимоянинг самараси фақат моддий ёрдам кўрсатиш билан эмас, балки инсоннинг муаммосини ўз вақтида аниқлаш, унинг оғирини енгил қилиш ва мустақил даромад топиши учун имконият яратиш билан ҳам белгиланади. Шу боис мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан ижтимоий ҳимоя тизимини янги босқичга олиб чиқиш, ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва индивидуал ёндашувни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро туманининг “Гулшанобод” маҳалласида амалга оширилаётган ишлар бу борадаги ислоҳотларнинг аҳоли ҳаётидаги амалий ифодасидир.
Бугун мазкур маҳаллада 13 минг 500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 295 нафари ногиронлиги бўлган шахслар. 52 та оила эса “Ижтимоий реестр”га киритилган. Бу рақамлар ортида алоҳида эътибор, кўмак ва кўллаб-қувватлашга муҳтож инсонлар тақдири, оилаларнинг кундалик ташвишлари мужассам. Шунинг учун ҳам маҳаллада ҳар бир хонадоннинг ижтимоий аҳволини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга мос ечим топишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 октябрдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини куз-қиш мавсумида ҳимоя қилишнинг муҳим ҳуқуқий асосини белгилади.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2026–2027 йилги иситиш мавсумида белгиланган тоифадаги эҳтиёжманд оилаларга 2026 йил ноябрь ойида бир миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, электр энергияси ва табиий газ учун харажатларни қоплаш, кўмир харидининг бир қисмини компенсация қилиш каби қўшимча имтиёз ва ёрдам чоралари белгиланган.
Эътиборли жиҳати, бу жараёнда ёрдамни фақат ажратиш эмас, балки уни ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд инсонга ўз вақтида етказиш, ҳар бир оиланинг шароитидан келиб чиқиб иш ташкил этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда маҳаллада олти турдаги ижтимоий ёрдамни манзилли ташкил этиш, хонадонларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ва амалий кўмак кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.

Маҳалла ижтимоий ходими Санъат Раҳимов ҳамда “маҳалла еттилиги” вакиллари томонидан ҳар бир оила билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилган. Жумладан, Дилобар Набиева оиласига Қурбон ҳайити муносабати билан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган. Бундан ташқари, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан ҳам молиявий кўмак ажратилган. Оила жорий йилги куз-қиш мавсумида бир марталик моддий ёрдам олиши белгиланган эҳтиёжманд хонадонлар рўйхатига ҳам киритилган.
Ҳилола Дўлобова оиласи мисолида эса ижтимоий ҳимоянинг яна бир муҳим жиҳати — моддий кўмак билан бирга оиланинг даромад манбаини шакллантиришга кўмаклашиш тамойилини кўриш мумкин.
Ижтимоий ходим Санъат Раҳимов томонидан оиланинг ҳолати ўрганилиб, “Ижтимоий реестр”га киритилган ва фарзанди учун болалар нафақаси тайинланган. “Маҳалла еттилиги” кўмагида унинг ўғлига имтиёзли кредит асосида мотокультиватор олиб берилган. Бу эса оиланинг меҳнат фаолиятини кенгайтириш, ўз имкониятларидан фойдаланиб даромад топиши учун замин яратмоқда. Шунингдек, Қурбон ҳайити муносабати билан оилага бир марталик моддий ёрдам ҳам кўрсатилган. Айни пайтда ушбу хонадон ҳам куз-қиш мавсумида бир марталик моддий ёрдам олувчилар рўйхатига киритилган.
Бу икки оила мисолида ижтимоий ҳимоя тизимидаги муҳим ёндашувни кўриш мумкин: инсонга бугун ёрдам бериш билан бирга, унинг эртанги куни учун ҳам имконият яратиш. Бир марталик моддий кўмак оиланинг мавсумий эҳтиёжларини енгиллаштирса, болалар нафақаси, имтиёзли кредит ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш каби чоралар унинг узоқ муддатли фаровонлигига хизмат қилади.
Зеро, ижтимоий ҳимоянинг асл мақсади инсонни фақат ёрдам олувчи сифатида қўллаб-қувватлаш эмас, балки унинг ўз имкониятларини рўёбга чиқариши, меҳнат қилиши ва муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратишдир.
Гулшанобод маҳалласида олиб борилаётган ишлар ҳам шу мақсадга қаратилган. Энг муҳими, ҳар бир хонадоннинг ҳолати, ҳар бир инсоннинг эҳтиёжи алоҳида ўрганилмоқда. Чунки ижтимоий ҳимоянинг ҳақиқий натижаси ажратилган маблағ ёки кўрсатилган ёрдам сони билан эмас, балки инсон ҳаётида юз берган ижобий ўзгариш, оиладаги хотиржамлик ва эртанги кунга бўлган ишонч билан ўлчанади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири