Тадбиркорлик субъектларида техник жиҳатдан тартибга солиш талаблари ўрганилмоқда
Бугунги кунда маҳсулот ва хизматлар сифати ҳамда хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини белгиланган талаблар асосида ташкил этиш тадбиркорлик субъектлари фаолиятида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу боис техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳаларидаги талабларнинг амалиётга тўғри татбиқ этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Навоий, Хоразм, Жиззах, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида фаолият юритаётган қатор тадбиркорлик субъектларининг фаолияти ўрганилди.

Жумладан, “KHIVA CLUSTER”, “Навоий туроғи барака” МЧЖ, “Навбаҳор туман йўллардан фойдаланиш” ДМ, “NUKUS GARANT BETON” МЧЖ, “INVEST NUKUS STROY” МЧЖ, “FAR KIMYOTRANS” МЧЖ, “ZAMIN BETON PRO” МЧЖ, “GOLD BETON” МЧЖ, “ECO WOOD PLYUS” МЧЖ ва “ELEGANT FIBER TEXTILE” МЧЖ фаолияти билан танишилди.
Ўрганишлар давомида корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларининг амалдаги меъёрий ҳужжатлар ҳамда белгиланган талаблар асосида ташкил этилиши масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, тадбиркорларга техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология йўналишларидаги талаблар юзасидан амалий кўрсатмалар берилди.

Мулоқотлар жараёнида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида учраётган муаммо ва таклифлар ҳам атрофлича ўрганилди. Аниқланган масалаларни бартараф этиш, мавжуд камчиликларнинг олдини олиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини амалдаги талаблар асосида ташкил этиш бўйича тегишли тавсиялар тақдим этилди.
Бундай амалий ўрганишлар нафақат назоратни таъминлаш, балки тадбиркорларга техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги талабларни тўғри тушунтириш, уларни фаолиятига самарали жорий этиш ҳамда маҳсулот ва хизматлар сифатини оширишга кўмаклашишга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА