Реабилитация: инсон имкониятини тиклашга хизмат қилаётган замонавий марказ
Инсон саломатлигида шундай ҳолатлар борки, унинг учун оддий ҳаракат – юриш, қўл-оёқни эркин бошқариш, мустақил ҳаёт кечириш катта мақсадга айланади. Бундай вазиятда тиббий муолажа билан бирга, инсонни жамиятдаги фаол ҳаётга қайтаришга қаратилган комплекс реабилитация муҳим аҳамият касб этади. Қашқадарё вилояти ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида бу борада замонавий имкониятлар яратилган. Марказ 60 турга яқин 180 та замонавий тиббий ускуна билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда реабилитация хизматларининг комплекс тизими йўлга қўйилган.
Хусусан, Alter-G, лимфадренаж, мембранали гидромассаж, ТМС, ЭЭГ, рентген, ЭКГ, осма рельслар, ультратовуш диагностикаси ҳамда барча турдаги лаборатория текширувларини ўтказиш имконияти мавжуд. Шунингдек, Бобат усулида даволаш, мануал терапия, кинезиотерапия, сенсор релаксация, логопед ва психологик хизматлар кўрсатилмоқда. Бассейнда гидротерапия – сув реабилитацияси хизматлари ҳам йўлга қўйилган.

Янги ёндашувнинг аҳамияти шундаки, аввалги тизимда фуқаролар асосан консерватив муолажалар билан чекланган бўлса, бугун уларнинг эҳтиёжига қараб бир нечта йўналишни қамраб олган комплекс реабилитация хизматларидан фойдаланиш имконияти мавжуд. Бу нафақат даволаш самарадорлигини ошириш, балки инсоннинг мустақил ҳаракатланиши, кундалик ҳаётга мослашиши ва жамиятдаги фаоллигини тиклашга қаратилган.

Марказда инсульт, бош ва орқа мия жароҳатлари асоратлари, суяк-мушак тизими касалликлари, коксартроз, умуртқа поғонаси касалликлари, остеохондроз, диск чурраси, болалар бош мия фалажи каби хасталикларга чалинган беморларга хизмат кўрсатилмоқда.
Бу имкониятларнинг инсон ҳаётидаги аҳамиятини Аббос Саидмуродов мисолида ҳам кўриш мумкин. I гуруҳ ногиронлиги бўлган Аббос бахтсиз ҳодиса оқибатида юриш имкониятидан маҳрум бўлган эди. Янги марказда олиб борилган реабилитация жараёнидан сўнг у аввал ногиронлик аравачасида ҳаракатланган бўлса, энди қўлтиқтаёқ ёрдамида мустақил юра бошлади.

Унинг ҳаётидаги бу ўзгариш шунчаки тиббий натижа эмас. Бу инсоннинг ўз кучига бўлган ишончи қайтаётгани, кундалик ҳаётга янада фаол қайтиш имконияти пайдо бўлаётганининг ифодасидир.

Марказда кўрсатилаётган хизматлар кўлами ҳам талаб ва эҳтиёж юқори эканини кўрсатади. Жорий йилнинг биринчи ярмида муассасага электрон йўлланма асосида 1 минг 406 нафар шахс қабул қилиниб, даволанди. Уларнинг 672 нафарида соғлиқни қисман тиклашга эришилган. Шу даврда 239 нафар ногиронлиги бўлган шахсга амбулатор хизмат кўрсатилди.

Реабилитациянинг асосий мақсади инсонни фақат касалликдан халос этиш эмас, балки унинг имкониятларини тиклаш, мустақил ҳаётга қайтариш ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат. Қашқадарёда ташкил этилган замонавий марказда йўлга қўйилган комплекс ёндашув ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири