Минерал ресурслар янги саноат тараққиётининг стратегик асоси саналади
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида минерал ресурслар нафақат хомашё манбаи, балки технологик тараққиёт, энергетик хавфсизлик ва саноат рақобатбардошлигини белгилайдиган муҳим стратегик омилга айланмоқда. Айниқса, критик минералларга бўлган талабнинг ортиши, ишлаб чиқариш занжирларининг қайта шаклланиши ва ресурслар учун глобал рақобатнинг кучайиши тоғ-кон саноати олдига янги вазифаларни қўймоқда.
Бу жараёнлар Марказий Осиё давлатлари учун ҳам катта имкониятлар яратмоқда. Минтақанинг бой минерал-хомашё захираларини замонавий технологиялар асосида ўзлаштириш, уларни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш иқтисодий тараққиётнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ана шу долзарб масалалар Тошкент шаҳрида ўтказилган 8-Ўзбекистон халқаро тоғ-металлургия форумида атрофлича таҳлил этилди.
“Ресурслардан глобал имкониятларга” шиори остида халқаро форумни Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова очиб берди.
Таъкидландики, Марказий Осиёнинг бой минерал-хомашё салоҳиятидан самарали фойдаланиш, мавжуд ресурсларни чуқур қайта ишлаш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш ҳамда халқаро инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш минтақада барқарор саноат иқтисодиётини шакллантиришнинг муҳим шартларидан биридир.
[gallery-32227]
Форумнинг “Марказий Осиёнинг янги ресурс архитектураси” мавзусидаги биринчи ялпи сессиясида Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов иштирок этди. У минтақадаги ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталди.
– Бугунги кунда Марказий Осиё жаҳон минерал-хомашё бозорида муҳим ўрин эгаллаш учун катта салоҳиятга эга, — дейди у. — Минтақанинг бой табиий ресурслари, геологик имкониятлари ва саноат инфратузилмаси ушбу йўналишда янги истиқболларни очмоқда. Бироқ асосий мақсад фақат мавжуд захираларни аниқлаш ва қазиб олиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Энг муҳим вазифа эса минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, улар асосида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда халқаро бозорларда рақобатбардош саноат занжирларини шакллантиришдир. Бугунги глобал иқтисодий шароитда ресурс хавфсизлиги, таъминот занжирларининг барқарорлиги ва критик минералларга бўлган талаб тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу эса Марказий Осиё давлатларидан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, мавжуд имкониятларни бирлаштириш ва инвестициявий муҳитни янада такомиллаштиришни талаб этади. Бундай халқаро форумлар нафақат тажриба алмашиш, балки янги инвестициявий лойиҳаларни шакллантириш, технологик шерикликни йўлга қўйиш ва минтақавий кооперацияни ривожлантириш учун ҳам муҳим мулоқот майдони ҳисобланади.
Форум якунида минерал-хомашё базасини ривожлантириш, геологик қидирув ишларида замонавий ва интеллектуал технологиялардан фойдаланиш, критик минералларни ўзлаштириш, тоғ-кон саноатига инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда экологик стандартларга риоя этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, хомашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),ЎзА