Тадбиркорларнинг енгни шимариб ишлайдиган вақти келди
Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Мўйноқ туманида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
– Мазкур фармонда белгиланган вазифалар ҳамда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2021 йил 9 декабрдаги қарорини жойларда бажарилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Ботир Матмуратов. – Хусусан, фармоннинг 2022 йил I ярим йил ижроси бўйича Мўйноқ туманида ҳозирда жами 611 та кичик бизнес субъекти мавжуд бўлиб, шундан, маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектларига солиқ имтиёзи қўлланилиб, маблағ улар ихтиёрида қолдирилган. Шундан фойда солиғи учун 17 та субъектга 265,1 миллион сўм, айланмадан олинадиган солиқ учун 161 та субъектга 617,2 миллион сўм, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ учун 298 та субъектга 3 миллиард 275,9 миллион сўм, мол-мулк ва ер солиғи учун 136 та субъектга 4 миллиард 851,9 миллион сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига корхона қурилиши учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва техникаларни республиканинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш, улар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни бошқа ҳудудларга етказиб бериш билан боғлиқ темир йўл транспортида ташиш харажатларининг 50 фоиз қисмини қоплаб бериш масаласида ҳозирда 13 та корхонага 1,2 миллиард сўмлик транспорт харажати қоплаб берилган. Маҳаллий экспортчилар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда, уларнинг транспорт харажатларини тўлиқ қоплаб бериш бўйича 26 та корхонага 27,9 миллиард сўм маблағ ҳудудий солиқ бошқармаси томонидан қайтариб берилган.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасининг 8 та тумани ва Нукус шаҳрида жами 24,3 гектардан ортиқ майдонда 11 та кичик саноат зонасини ташкил қилиш лойиҳалари ишлаб чиқилган.
[gallery-8643]
Ўрганишлар жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида масъуллар томонидан айрим кичик бизнес субъектларига мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти ва унга асосан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар тўлақонли етказилмаганлиги, унинг асосида берилган имтиёз ва преференциялар бўйича тадбиркорларнинг хабардорлиги тўлиқ таъминланмаганлиги аниқланди. Шундан келиб чиқиб Мўйноқ тумани ҳокимлиги ва солиқ инспекциясига фармоннинг мазмун-моҳияти, берилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида тадбиркорларнинг хабардорлигини ошириш, фармоннинг 5-бандида белгиланган вазифанинг бажарилишини таъминлаш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасида 34 та янги кичик саноат зонасини белгиланган тартибда қисқа муддатда ташкил этиш чораларини кўриш бўйича топшириқлар бериш мақсадга мувофиқдир.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифида ҳудудда жадал суръатларда оилавий тадбиркорлик, аграр сектор, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига субсидиялар ажратиш борасидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар қўллаб-қувватлади. Жумладан, Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудуд учун фойда солиғи ставкасини 15 фоиздан 7,5 фоизга тушириш, мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини 2 бараварга камайтириш каби кўплаб тармоқлар бўйича қарор лойиҳасига енгилликлар киритиш маъқулланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Реcпубликасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорлар учун янада кенг имкониятлар яратади.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида жойлашган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилган ҳолда, ижтимоий солиқ камайтирилиб, 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланаётган ижтимоий солиқ шаҳарлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 6 бараварга камайтирилиб, йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида белгилаш каби қатор имтиёзлар берилмоқда.
Мазкур фармон ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорларга кўрсатиладиган молиявий хизматлар кўламини кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА