Тадбиркорларга яна бир имконият
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакилга маъмурий жавобгарликка тортиш ваколати берилганлиги юзасидан амалдаги қонунчиликка ўзгартишлар киритилди.
– Давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида айрим жойларда давлат органлари тизимидаги раҳбар ва мутасаддилар томонидан тадбиркорларнинг мулкка доир ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари ҳануз давом этаётгани қайд этилиб, Бизнес-омбудсманга тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузган давлат идораси мансабдорларига нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича ваколат беришни таклиф қилганди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девонининг Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатувчи етакчи инспектори Бердақ Жақсимов. – Илгари, Бизнес-омбудсманнинг маъмурий жаримага тортиш ваколати мавжуд эмас эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тарзидаги маъмурий жазоларни қўллашга эндиликда унинг ўринбосарлари ва вакил девони бош инспекторлари ҳақлидир. Таъкидлаш лозимки, энди қайд қилинган 9 турдаги маъмурий иш, шу жумладан, ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш, хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлар фаолиятини текшириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш, тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олиш, тадбиркорлик субъектларидан қонунчиликни бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш билан боғлиқ айрим моддалари бўйича ишларни кўриш ва маъмурий жарима тайинлаш Бизнес-омбудсман, унинг ўринбосарлари ва вакил девони бош инспекторлари томонидан кўриб чиқилади.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2458-моддасига ўзгартириш киритилиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга ушбу Кодекснинг 43 (тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари қисмида), 2002 (тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши қисмида), 2411 — 2414, 2416, 2418, 24110-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА