Тадбиркорларга нисбатан молиявий жарималарни қўллаш тартиби такомиллаштирилади
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига молиявий жарималарни қўллашга, ушбу жарималарнинг қўлланилиши устидан шикоят қилишга ҳамда қонунга хилоф равишда ундирилган маблағларни қайтаришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан юридик шахсларга нисбатан молиявий жарималарни қўллаш, уларни тўлаш ва қабул қилинган қарорлар устидан шикоят қилиш тартибини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Хусусан, ҳуқуқбузарлик тан олинган тақдирда, жарима тўғрисидаги қарор беш иш куни ичида қабул қилинади. Қарор топширилганидан кейин бир ой ичида жариманинг 50 фоизи тўланса, қолган қисмини тўлашдан озод этиш белгиланмоқда. Жаримани бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, юридик шахс ҳуқуқбузарликни тан олмаган тақдирда, масала суд тартибида кўриб чиқилади. Қарор устидан шикоят қилинганда унинг ижроси тўхтатилади. Қонунга хилоф равишда ундирилган маблағлар эса 15 кун ичида қайтарилади.

Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги далолатномани юридик шахс вакили иштирокида расмийлаштириш ҳамда вакил уни имзолашдан бош тортган ҳолатларни видеоёзув ёки холислар иштирокида тасдиқлаш тартиби белгиланмоқда.
Мажлисда мазкур ўзгартиришлар молиявий жарималарни қўллашда ягона тартибни жорий этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг молиявий юкини камайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА