Қурилиш ва коммунал соҳадаги мурожаатлар қай даражада ҳал этилмоқда?
Қурилиш ва коммунал соҳаси аҳолининг кундалик ҳаёти, яшаш ва турмуш тарзи билан боғлиқ бўлган йўналиш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ушбу тармоқдаги муаммолар тезда кўзга ташланади, фуқароларнинг бу борадаги эътирозлари, мурожаатлари кўп бўлади.
Хусусан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига 2026 йилнинг 9 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслардан 21 минг 529 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 17 минг 857 таси ижобий ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатлар бўйича қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган эшитувда айтиб ўтилди. Унда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг “2026 йилнинг 9 ойида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Эшитувда вазир ўринбосари қайд этганидек, соҳада амалга оширилган ишлар натижасида иссиқлик таъминоти бўйича мурожаатлар 37 фоизга, қурилиш сифати бўйича 36 фоизга, лифтларни таъмирлаш бўйича 37 фоизга камайган. Шунингдек, мурожаатлар ижроси “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали назорат қилинмоқда, 1298 рақамли “Ишонч телефони” 24/7 режимида ишламоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар ноқонуний қурилишлар, архитектура ва шаҳарсозлик, қурилишга рухсат бериш ҳамда кўп квартирали уйларни бошқариш йўналишларидаги мурожаатларга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Бошқарув ташкилотлари фаолияти, уйларга техник хизмат кўрсатиш сифати, умумий мулкни сақлаш ва таъмирлаш билан боғлиқ муаммолар юзасидан саволлар ўртага ташланди ва тегишли жавоблар олинди.
М.Комилова, ЎзА