Тадбиркорларга фойдали тавсиялар берилмоқда
Навоий вилоятида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида тадбиркорлар билан сайёр учрашувлар давом этмоқда.
Жорий йилнинг 18 январь куни давлатимиз раҳбари ҳузурида 2024 йилда инвестиция, экспорт ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳудудларда божхона органларига озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасида бир қатор вазифалар юкланган эди.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Дониёр Юсупов Кармана ва Навбаҳор туманларида фаолият юритаётган “KIF TRADE 21”, “PURE NATURE OILS”, “SAROY UNI”, “SIREN” МЧЖларида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари билан яқиндан танишииб. уларнинг муаммолари ўрганилди.
Ўрганишлар давомида аниқланган муаммоли ҳолатлар бартараф этилишида амалий ёрдам берилди. Ўрганишлар давомида “PURE NATURE OILS” ва “SAROY UNI” МЧЖлар раҳбарларига “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан фойдаланилганда божхона тўловлари ундирилмаслиги юзасидан тушунтиришлар берилиб, ушбу режимдан фойдаланиш корхона молиявий аҳволига ижобий ўзгаришлар олиб келиб, ортиқча ҳаражатларнинг олдини олиши маълум қилинди.
– Корхонамизда “Ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси” амалга оширилмоқда, – дейди “PURE NATURE OILS” МЧЖ раҳбари Қувондиқ Нуриллаев.

– Лойиҳанинг умумий қиймати 64 миллиард сўм бўлиб, унинг 40 миллиард сўми ўз маблағимиз, қолган 24 миллиард сўми банк кредити ҳисобланади. Агарда фаолиятимиз тўлиқ йўлга қўйилса, йилига 9 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бу эса корхона 5 йил ичида ўзини-ўзи қоплайди, деганидир. Ҳозир лойиҳанинг бизнес-режаси ишлаб чиқилган.
Технологик ускуналар тўлиқ импорт қилинган ва қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, корхона масъуллари билан учрашувлар давомида божхона соҳасида яратилаётган қулайликлар ва амалдаги божхона имтиёзлари юзасидан тушунчалар берилиб, божхона йўналишидаги масалалар бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири