Тадбиркорлар янги Ўзбекистоннинг локомотивига айланади
Мамлакатимизда ҳар йили 20 август санаси Тадбиркорлар куни сифатида кенг нишонланади. 2021 йилдан буён ўтказиб келинаётган Тадбиркорлар куни мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаётган бизнес ва ишбилармон доира вакиллари, тадбиркорлик субъектлари вакилларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг меҳнати ва шижоатини қадрлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Мазкур сана олдидан ҳар йили давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиб, уларнинг таклифлари, ғоялари, муаммоларини тинглаб, дардига қулоқ тутади. Шу билан бирга, соҳадаги натижалар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар, янгидан янги лойиҳалар белгилаб олинади. Ушбу мулоқот тадбиркорларни ўйлантираётган масалаларга амалий ечим топиш ва янги марраларни белгилаб олишнинг самарали майдонига айланди.
Бу йил ҳам Президентимиз Хива шаҳрида ўтказган навбатдаги очиқ мулоқоти бизнесни ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги имкониятлар эшигини очди. Бундай очиқ ва самимий мулоқот давлат ва тадбиркорлар ўртасида ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаб, уларни янги ғоя ва ташаббусларга ундайди.
Шу ўринда сўнгги беш йилда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес учун қулай шароит яратиш ва янги имкониятлар очиш борасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижаларга назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнеснинг миллий иқтисодиётдаги улушини ошириш, молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди.
Бу даврда тадбиркорликка тўсиқ бўлган масалаларни ҳал этиш мақсадида 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор қабул қилинди. Бугун мамлакатимизда 1,2 миллионлик бизнес ҳамжамияти шаклланди. Бизнес учун ажратилган кредит портфели қарийб 3 карра ошиб, 450 триллион сўмга етди. Тадбиркорлар 650 триллион сўмлик солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланди.
Шунингдек, тадбиркорлар хорижий банклардан ўз лойиҳаларига мустақил равишда 1 миллиард доллар маблағ жалб қилди. Корхоналарнинг асосий капиталга инвестициялари 3 карра кўпайиб, 363 триллион сўмга етди.

Ҳудудларни тенг ривожлантириш, жойлардаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарасида бугун саноати 100 миллион доллардан ошган туманлар сони 66 тадан 116 тага, хизматлар ҳажми 1 триллион сўмдан ошган туманлар сони эса 41 тадан 152 тага кўпайди.
Бугун маҳаллаларда янги иш ўринларини яратишни рағбатлантиришга устуворлик берилаётган бир пайтда кўплаб маҳаллаларда кичик ишлаб чиқариш объектлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Муайян бир бизнесга, касб-ҳунарга ихтисослашган маҳаллалар пайдо бўлди. Бундай ишлаб чиқарувчиларга кенг имкониятлар яратиш борасидаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, бизнесини маҳаллада бошлаб, юртимиз бўйлаб ўнлаб филиалларгача кенгайтирган тадбиркорлар сони 550 тадан ошди. Ўз миллий брендини яратган тадбиркорлар эса 300 тадан ошди.
Бу каби самарадор рақамларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Энг муҳими, ушбу рақамлар бугун тадбиркорлик кенг қулоч ёяётганини, янги даромад манбалари юзага келаётганини, капитални кўпайтириш, янги бозорларни эгаллаш ва миллий брендларни яратиш босқичига ўтаётганини намоён этади.
Тадбиркорлар билан ўтган навбатдаги очиқ мулоқотда илгари сурилган муҳим таклиф ва ташаббуслар эса соҳадаги самарадор натижалар кўламини янада оширади. Келгусида тадбиркорлар сафи янада кўпайиб, лойиҳалари кенгайиб, улар янги Ўзбекистоннинг локомотивига айланади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА