"Мақсадимиз – инсонлар вақти ва шаҳар ресурсини тежайдиган яшил Тошкентни бирга қуриш” – Шавкат Умрзоқов
Қарор юзасидан
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва соҳада қулай шарт-шароитлар яратиш иқтисодий барқарорлик ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда тезкор натижа беради. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 27 июль куни имзоланган “Тошкент шаҳрини 2026-2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор айни шу жараёнда муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридаги қарорда белгиланган мақсад-вазифалар асосида пойтахтимиз навбатдаги режалар билан қандай қиёфани акс эттиради? Шулар хусусида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг фикрларига қизиқдик.
– Марказий Осиёдаги энг йирик ва қадимий шаҳарлардан бири бўлган азим пойтахтимиз Тошкент – мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг муҳим асоси ҳисобланади, – дея фикрини бошлади Тошкент шаҳар ҳокими.

– Шундай экан, муҳим бир жиҳатни эътиборга олиш керак, бу ерда саноатни ривожлантириш деганда энг муҳим вазифа кўпроқ завод қуриш эмас, балки рақобатбардош саноат экотизимини яратишдир. Тошкент шаҳрида бу борада биз тўрт нарсага эътиборимизни қаратяпмиз: аввало Президентимиз топшириғига мувофиқ шаҳардаги 11 мингга яқин саноат корхонасини тўлиқ инвентаризация қилиш, реал қувватини, ундан тўлиқ фойдаланилмаётгани сабабларини аниқлаш ва тўсиқларни манзилли бартараф этишга. Иккинчидан, йирик ишлаб чиқариш атрофида кичик ва ўрта корхоналардан иборат бутловчи занжирни ривожлантиришга ҳам. Чунки маҳаллийлаштиришни чуқурлаштирадиган ва таннархни пасайтирадиган айнан шу тизим бўлади. Учинчидан эса илм-фан ва таълимни саноат талаби билан бевосита боғлашга. Тўртинчидан, фақат ички эмас, минтақавий бозорни ҳисобга олиб режалаштириш – ўзимиз рақобатбардош ишлаб чиқара оладиган импорт ўрнини босиш масаласига. Натижа бу юқори қўшилган қиймат, ташқи етказиб берувчиларга қарамликнинг камайиши ва саноатнинг иқтисодий ўсиш ҳамда стратегик мустақиллик устунига айланади.
Айни йўналишда охирги уч йил ичида анчагина ютуқларга эришдик, шу йил якунида саноат маҳсулотларининг ўсиши Тошкентда 252 триллион сўмга етиши кутилмоқда.
– Тошкент шаҳри инфратузилмасини яхшилаш чора-тадбирлари борасида қарор билан «Ўн беш минутлик шаҳар» замонавий урбанистик концепциясини амалга ошириш белгиланган, бундан қандай мақсадлар кўзланган?
– “Ўн беш дақиқалик шаҳар” концепциясидан кўзланган мақсад – инсоннинг кундалик асосий эҳтиёжлари бўлган мактаб, боғча, поликлиника, савдо, спорт ва дам олиш масканлари яшаш жойидан пиёда ёки велосипедда 15 дақиқалик масофада бўлиши керак. Бунда қуйидаги вазифаларни белгилаб олганмиз.
Биринчидан, транспорт юкламасини камайтириш. Тошкент аҳолиси 3,1 миллиондан ошди, ҳар куни пойтахт йўлларида 1 миллиондан зиёд автотранспорт юради. Аҳоли даромади ўтган йили реал ҳисобда 15,5 фоизга ошди, демак, автомобилга талаб янада ортади. Хизматлар яқин бўлса, ҳар бир оила кунига камида битта ортиқча қатновдан қутулади. Бу – миллионлаб қатновларнинг олдини оламиз дегани.
Бундан ташқари, якка қурилишлардан комплекс мастер-режаларга ўтиш. Бунда ҳар бир квартал бўйича аҳоли сонидан келиб чиқиб нечта мактаб, боғча, поликлиника, қанча яшил ҳудуд ва автотураргоҳ кераклиги олдиндан ҳисоблаб қўйилади — қурилишга рухсат шундан кейин берилади. Тошкент – мамлакат қурилиш ишларининг қарийб 25 фоизини бажараётган шаҳар, бу ҳажмни энди сифат билан мувозанатлаш шарт.
Яна бир жиҳат – жамоат транспорти узвийлигини таъминлаш. Метронинг ҳалқа йўналиши ҳисобига станциялар сони 50 тага етди, электробуслар жорий этилди. “Ўн беш дақиқалик шаҳар” яшил транспорт билан уйғун бўлсагина ишлайди.
Шунингдек, вақт ва ишончни қайтариш – Париж бу концепцияни 2020 йилдан шаҳар сиёсатининг устувор йўналишига айлантирди, Барселона эса «суперкварталлар» орқали худди шу йўлдан борди. Ушбу йирик шаҳарларнинг тажрибаси кўрсатадики, муваффақиятнинг сири – аҳоли билан очиқ мулоқот қилишда. Шунинг учун биз ҳам аввал тушунтириш, эшитиш, кейин қуриш тамойилига ўтяпмиз.
Мақсадимиз – инсоннинг вақтини, шаҳарнинг ресурсини тежайдиган, ҳар бир маҳалла ўзига етарли инфратузилмага эга бўлган барқарор ва яшил Тошкентни пойтахт аҳли билан бирга қуриш.
– Қарорда пойтахтда савдо ва хизмат кўрсатиш, кўнгилочар марказлар ҳамда кўп қаватли автотураргоҳ ташкил этиш бўйича ҳам вазифалар мавжудми?
– Албатта, қарорда учта аниқ йўналиш белгиланган: бозорларни модернизация қилиш, гавжум кўчаларни ривожлантириш ва автотураргоҳлар тизимини яратиш.
Бозорлар энг оғир йўналишлардан бири. Халқимиз орасида “Бозор ва мозорга тегма”, деган нақл бор ва ушбу гапнинг ортида асосли хавотирлар ётибди. Аҳолимиз ўрганган ва насибасини топаётгани жойлар ўзгарса, албатта, безовта бўлади, аммо айтиш лозимки, ҳозирги бозорлар кўриниши билан ҳам, бизнес модели билан ҳам замонавий талабларга жавоб бермайди. Шунинг учун 35 та давлат бозори ва савдо мажмуаси инвесторларга таклиф этилмоқда. Лекин бир нарсани аниқ айтаман: бирорта бозор ёпилмайди ва ўз функциясини йўқотмайди. Инвесторга учта қатъий шарт қўйилади: белгиланган ҳажмдаги савдо расталарини замонавий шаклда қуриб давлатга топшириш, мавжуд тадбиркорларнинг иш ўринларини сақлаш ва етарли сиғимдаги автотураргоҳ барпо этиш. Инвестор фақат самарасиз фойдаланилаётган майдонларда савдо, хизмат ва кўнгилочар объектлар қуриш ҳуқуқини олади. Экобозор бу модель ишлашини кўрсатди. Халқаро тажриба ҳам бор – Роттердамдаги Markthal ёки Лиссабондаги Time Out Market тарихий бозор функцияси сақланган ҳолда шаҳарнинг энг гавжум нуқталарига айлангани бунга мисол бўла олади. Бизнинг бозорларимиз ҳам миллий муҳитини сақлаган ҳолда айнан шундай ривожланиши керак – “Mega Planet” ёки “Magic City” мисолидек эмас.
Яна бир катта ишларимиздан бири, бу – 24/7 ишлайдиган туристик ва гавжум кўчалар. Умумий узунлиги 140 километр бўлган 100 га яқин кўча танлаб, тоифаларга ажратилди, – маҳаллий дам олиш ҳудудларидан то туристик манзилларгача. Синов тариқасида бугунги кунда 8 та туну кун ишлайдиган кўча очилди. Энг муҳими, биз фақатгина таъмирлаш ёки қурилиш билан чекланмаймиз, ҳар бир кўчага инфратузилмани озода сақлайдиган ва тадбирлар ташкил этадиган бошқарув компанияларини, шу жумладан, энг ривожланган шаҳарларда ишлайдиган самарали ва креатив жамоаларни жалб қиляпмиз. Халқимиз дунёда энг яхши шаҳарлардан кам бўлмаган пойтахтда яшашга ҳақли.
Учинчи масала, бу – автотураргоҳлар. Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси билан биргаликда 200 минг автомобилга мўлжалланган кўп қаватли ва ер ости тураргоҳлар учун жойлар белгиланди ва босқичма-босқич аукционга чиқарилмоқда. Афсуски, илгари автотураргоҳ учун ажратилган кўплаб ерларда бизнес марказлар қурилиб кетилган, бунақа хатолар такрорланмаслиги учун бугунги кунда тегишли органлар билан бу масалани қаттиқ назорат остига олганмиз. Учала йўналишни бирлаштирган тамойил битта – давлат шароит яратади, инвестор қуради, аҳоли учун хизмат сифати ошади, жамоат манфаати эса қатъий интизом ва шартлар билан таъминланади.
– Юртимизда ёшларни китобхонликка жалб этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур қарор асосида аҳолини умуман, ёшларни китобхонликка жалб этувчи вазифалар мавжудми?
– Қарорда китоб ва китобхонлик шаҳар муҳитининг таркибий қисми сифатида қаралган. Буни инсоннинг одатий йўли орқали тушунтирсам, одам уйидан чиқади, ўз маҳалласида китобхонлик бурчагини кўради. Бундай бурчаклар эндиликда пойтахтдаги барча – 585 та маҳаллада босқичма-босқич ташкил этилади. Туман марказига борса, замонавий кутубхонага дуч келади, яъни 12 та туманнинг ҳар бирида йирик, интерактив ва замонавий кутубхона қуриш режалаштирилган, жойлари аллақачон белгиланган. Биласизми, мақсадимиз – шунчаки китоб сақланадиган бино қуриш эмас, йилига миллионлаб одам ташриф буюрадиган ва ўзининг илмий-маънавий эҳтиёжларини қаноатлантира оладиган жамоат маконини яратиш.
Ҳатто савдо мажмуасига кирганда ҳам, инсонлар китобдан узоқлашмайди, янги қурилаётган йирик савдо марказларида майдонига мос китоб дўкон очиши мажбурий талаб сифатида белгиланди. Энг илғор мамлакатларда кутубхоналар шаҳарнинг энг севимли масканларидан бири бўлади. Ривожланишда янги босқичга чиқмоқчи эканмиз, пойтахтимизда ҳам кутубхоналар энг кўримли ва шинам масканларга айланиши шарт. Ҳаттоки гавжум ва туристик кўчаларимизда ҳам имтиёзли шартларда китоб дўконлари ва китоб кафелари очилади.
Марказий лойиҳамиз – халқ орасида «Мовий гумбазлар» деб аталадиган ҳудуд. Бу жой тарихан китоб савдосининг маркази бўлган. Энди уни мутолаа маданиятига ихтисослашган жамоат маконига айлантирамиз. Жорий йил июлида мажмуанинг тарихий қиёфасини тўлиқ тиклаш эълон қилинди, лойиҳа китобхонлар ва жамоатчилик муҳокамаси билан амалга оширилади.
Инфратузилманинг ўзи етарли эмас, албатта – рағбат ҳам керак. Президентимиз бошлаб берган анъананинг давоми сифатида шаҳар миқёсида “Энг яхши китобхон” танловини жорий этамиз.
Мақсад битта – инсон қаерда бўлмасин, маҳаллада, туманда, кўчада ёки савдо марказида – китоб унга яқин бўлсин. Биз “Ўн беш дақиқалик шаҳар” деганда, аслида шуни ҳам назарда тутамиз.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ
суҳбатлашди.