Тадбиркорлар муаммолари жойида ҳал этилмоқда
Бухоро вилоятида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев иштирокида тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Бухоро ва Когон шаҳарлари ҳокимликларида ташкил этилган тадбирда 450 нафар тадбиркорлик субъектлари вакиллари қатнашди. Учрашувларда давлат солиқ хизмати органлари “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорларга билмаганларини ўргатиб, уларнинг ҳалол ишлашида кўмакчи бўлиб фаолият олиб бориши таъкидланди.


Очиқ мулоқотларда солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар юзасидан зарур тушунтиришлар бериш билан бирга тадбиркорларнинг саволларига батафсил жавоб берилди. Ўз навбатида муаммоли масалалар билан мурожаат қилган 30 га яқин тадбиркорлик субъектлари вакилларининг мурожаатлари ҳал этилиши белгиланди.


Жойларда баъзи тадбиркорлар янги дастур ва талабларни тушунмагани сабабли кўплаб саволлар пайдо бўлмоқда. Айрим ҳолларда улар турли қийинчиликларга ҳам дуч келмоқда.
Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Ж.Абдиевнинг бухоролик тадбиркорлар билан учрашуви давом этмоқда.



Зариф Комилов, ЎзА