Тадбиркорлар муаммолари ўрганилмоқда
Бухорода ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Ойбек Ҳамроев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ризо Асадов, тижорат банклари мутасаддилари, шаҳар ва туманлардан келган тадбиркорлик субъектлари вакиллари қатнашди.
Тадбирда тадбиркорлар фаолиятида юзага келган муаммолар бўйича тўғридан тўғри масъулларга мурожаат қилди. Кўтарилган ҳар бир масала вилоят мутасадди идоралари вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама этилди. Уларнинг талаб ва эҳтиёжларига жавоб берадиган мақсадли ечимлар ишлаб чиқилди.

Очиқ мулоқот давомида 100 нафардан ортиқ тадбиркорларнинг муаммоли масалалари тингланди. Мурожаатлар асосан тижорат банкларидан олинган кредитлар муддатини узайтириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлаштириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтиришга имтиёзли кредит ажратиш, рухсатнома олиш билан боғлиқ масалалар, ер майдонларини аукционга чиқариш ва тоифасини ўзгартириш каби йўналишларда бўлди.

Мулоқот давомида кўтарилган аксарият индивидуал масалалар жойида ҳал этилди. Учрашувда кўтарилган тизимли масалалар ва улар ечими бўйича аниқ таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш бўйича республика Штабига ҳамда тегишли йўналишдаги эксперт гуруҳларига киритиб бориш белгиланди.

Мулоқот якунида тадбиркорларнинг мурожаатлари юзасидан масъул раҳбарларга масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ муддат ва амалга ошириш механизмлари кўрсатилган амалий чора-тадбирлар дастурини шакллантириш топширилди.

Маълумот учун очиқ мулоқот Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 17 июлдаги “Ўзбекистон 2023 йилда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш ҳамда вилоятда тадбиркорликни ривожлантиришда юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, хусусан, уларнинг қонуний талабларини амалий рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилди.

Зариф Комилов, ЎзА