Тадбиркорлар манфаати ишончли ҳимоя қилинмоқда
Юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва уларга турли имтиёзлар бериш ҳамда шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳаттоки, бу мезон Бош қомусимизда ҳам алоҳида белгилаб қўйилган.
Навоий вилоят суди судьяси Сабит Жакеев мухбиримизга тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Конституциямизнинг 67-моддасида давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳамда ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши кўрсатиб ўтилган.
Албатта, кейинги йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишнинг янги механизмлари жорий этилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик ҳамда хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Жиноят кодекси янги модда билан тўлдирилди. Унга кўра, тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик, талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
“Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан суд тизимида “ягона дарча” принципини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар, қабул қилишга ва ваколатли судга юборишга ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизими жорий этилиши белгиланди.
2022 йилнинг 13 апрелидан қонуний кучга кирган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган корхоналарга ўз фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўлов қобилиятини тиклашга имкон бериш орқали иқтисодиётга таъсир ўтказади.
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши иқтисодий жиҳатдан танг аҳволга келган тадбиркорлик субъектларини тугатиб юбориш эмас, балки уларни молиявий соғломлаштириш, шу билан бирга, соҳада вужудга келаётган янги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Статистик таҳлилларга кўра, 2022 йилда жами 237 та корхона банкрот деб топилган бўлиб, 147 та ёки 62 фоизи тугатилган, 106 та ёки 44,7 фоизи бўйича тугатиш жараёни давом этмоқда.
Энди эса қонун билан корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида тўловга қобилиятсизлик вақтинчалик ва доимий турларга ажратилмоқда.
Эндиликда корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида мазкур жараёнда жорий солиқ тўловларини тўхтатиб туриш, тижорат банклари ва молия институтларидан кредитларни жалб этиш, қарздорлик қисман қопланганда корхона фаолиятини кредиторлар розилиги билан тиклаш бўйича нормалар киритилди.
Тадбиркорларнинг суд тизимига ишончи ортишини Навоий вилоятидаги иқтисодий судлар томонидан кўрилган ишлар мисолида ҳам кўрса бўлади. 2023 йилнинг 8 ойида тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги вужудга келган низолар билан боғлиқ 6 220 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилган. Шундан, 1120 та иқтисодий иш кичик бизнес субъектлари ўртасида вужудга келган. Ушбу даврда кўрилган ишлар бўйича 394 миллиард 824 миллион сўм ундириш белгиланди.Шу билан бир қаторда “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони қабул қилинди ва унда “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш каби вазифалар қўйилди.
Суҳбатни ЎзА мухбири А.Бўриев ёзиб олди.