Тадбиркорлар ҳуқуқи давлат ҳимоясида
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман томонидан “Замонавий тадбиркор – янги Ўзбекистоннинг таянчи” мавзуида очиқ мулоқот ўтказилди.
Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси ва Марказий банк вакиллари иштирок этган тадбирда сўнгги 4 йил давомида тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида Бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берилди.
Хусусан, тадбиркорлик фаолиятида ўтказиладиган текширувлар қонунийлиги устидан мониторингни амалга оширишда жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида ҳуқуқбузарликка йўл қўйган назорат органларининг 366 нафар мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилганлиги, 60 нафарига интизомий жазо чоралари қўлланилганлиги ва 6 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги таъкидланди.
Шунингдек, тадбиркорларнинг мурожаатлари асосида 2019 йилдан бугунги кунгача 2 минг 668 та таъсир чораси қўлланилганлиги таъкидланди. Натижада 811 нафар масъул шахс интизомий ва 1 минг 140 нафари маъмурий жавобгарликка тортилганлиги, давлат ва назорат қилувчи органларининг 860 та ноқонуний қарори бекор қилинганлиги айтилди.
Тадбирда тадбиркорлик соҳасидаги давлат органларининг вакиллари томонидан ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тингланди ва тегишли хулосалар маълум қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА