Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Тошкент вилояти ҳокимлигида ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев, тегишли бошқарма ва ташкилотлар мутахассислари томонидан туман-шаҳарларда фаолият юритаётган 200 га яқин экспортёр тадбиркор ва ишбилармонларнинг муаммолари ўрганилди ва таклифлари тингланди.
Бу йил вилоятдаги 816 та корхона томонидан 75 та давлатга жами 562 та маҳсулот тури бўйича экспорт амалга оширилиши мақсад қилинган. Шундан саноат йўналишида 650,5 миллион доллар ва мева-сабзавот маҳсулотлари 200,1 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.
Асосий эътибор ҳозир дунёда бўлаётган мураккаб геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, ҳудудда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига харидор топиш, божхона логистикасида учраётган муаммоларни бартараф этиш ва қулайлик яратиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Бунинг учун иштирокчиларга махсус сўровнома тарқатилиб, уларнинг фаолиятида учраётган муаммо ва таклифлар жамланди.
Мақсад, тадбиркорлардан келиб тушган савол, таклиф ва ташаббуслар асосида дастур ишлаб чиқиш ва унга мувофиқ, келгусида соҳани янада ривожлантириш, ҳудудда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишдир.
Мулоқот давомида тадбиркорлардан транспорт коридорларини ривожлантириш, юкларни божхона орқали ўтказишни соддалаштириш, қишлоқ хўжалиги кластерлари, деҳқончилик хўжаликлари билан ҳамкорликни кучайтириш ва сифатли маҳсулот етиштириш, корхоналарда электр ва газ таъминотини яхшилаш каби таклифлар билдирилди.
– Корхонамиз 5 йилдан бери юртимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини Россия, БАА ва бошқа давлатларга экспорт қилмоқда, – дейди “Зангиота томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жамшид Абдуллаев. – Мавсумда 50 кишининг бандлигини таъминлаймиз. Мамлакатимиз бўйича 25 мингдан зиёд оилалар билан ишлаймиз, уларнинг томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаб, четга экспорт қиламиз. Сўнгги пайтларда қишлоқ хўжалиги экинларига турли зараркунанда ҳашоратларнинг зарар етказаётгани туфайли маҳсулотлар сифатига салбий таъсир қиляпти. Шу сабабли мавсумда тармоқ хўжаликлари ва томорқаларда агротехник тадбирларни самарали амалга ошириш зарур. Вилоят ҳокими бу таклифимни ижобий баҳолаб, махсус ишчи гуруҳ ташкил қилиш, жойларда амалий ишларни бошлаш лозимлиги бўйича масъулларга топшириқ берди.
Тадбирда муддат талаб этадиган муаммолар юзасидан тегишли тартибда чора-тадбирлар белгиланди. Қонуний ечимга эга бўлмаган баъзи масалаларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
А.Мусаев, ЎзА