Тадбиркорлар билан мулоқот
Жиззах шаҳрида тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда ишбилармонларнинг мурожаатларини тинглаш, юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларнинг амалий ечимини топишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Республика ишчи гуруҳи вакили Б. Мусурмонов, Жиззах шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари С. Ҳайдаров, Адлия бўлими бошлиғи И. Рашидов, тегишли ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Очиқ мулоқот ишбилармонлар билан масъуллар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик субъектларини қийнаётган масалаларни бевосита ўрганиш ва уларни ҳал этиш чораларини белгилаш учун муҳим майдон бўлди. Зеро, тадбиркорлик ривожи учун қулай муҳит яратиш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтиришнинг муҳим шартларидандир.

Мулоқот давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган масалалар, таклиф ва мурожаатларини баён этди. Ҳар бир масала юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгиланиб, муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларга эътибор қаратилди. Бундай ёндашув мурожаатларни шунчаки қайд этиш эмас, балки уларнинг ечими учун масъулиятни кучайтиришга хизмат қилади.
Учрашувда ўз ташаббускорлиги, самарали фаолияти ва ҳудуд иқтисодий тараққиётига қўшаётган ҳиссаси билан бошқаларга ўрнак бўлаётган илғор тадбиркорлар ҳам муносиб тақдирланди. Бу эса ишбилармонлик муҳитида фаоллик ва ташаббусни рағбатлантириш, тадбиркорларнинг меҳнатини эътироф этишга бўлган эътиборнинг ифодасидир.

Очиқ мулоқотнинг бош мақсади тадбиркорнинг дардини эшитиш билангина чекланмай, унинг ечимига амалий кўмак бериш, янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун имкониятларни кенгайтириш ва қўшимча иш ўринларини яратишдан иборат. Чунки ҳар бир муваффақиятли тадбиркорлик ташаббуси иқтисодий фаоллик, аҳоли бандлиги ва ҳудуд фаровонлигига хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири