Пахтани қабул қилиш ва қайта ишлаш заводи фойдаланишга топширилди
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида “Элликқалъа олтин толаси кластер” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилган пахтани қабул қилиш ва қайта ишлаш заводи фойдаланишга топширилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ҳамда нуронийлар иштирок этди
Қайд этилганидек, умумий қиймати 20 миллиард сўмни ташкил этувчи мазкур лойиҳа ҳудудда саноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган. Лойиҳани амалга ошириш учун “Агробанк” томонидан 7 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилди.

Йиллик 30 минг тонна пахтани қайта ишлаш қувватига эга бўлган мазкур завод туманда етиштирилаётган пахта хомашёсини ўз вақтида қабул қилиш, қайта ишлаш ва унинг қўшимча қийматини оширишга хизмат қилади. Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати, корхона фаолиятини йўлга қўйиш натижасида 110 та янги доимий иш ўрни яратилди. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини оширишга муносиб ҳисса қўшади.

Заводнинг ишга туширилиши туманда саноат тармоғини ривожлантириш, маҳаллий хомашёни ҳудуднинг ўзида қайта ишлаш, ишлаб чиқариш занжирини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири