Тадбиркорга тегишли ер майдони қайтариб берилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер муносабатларини такомиллаштириш, ер майдонлари ажратишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш, ер ресурсларидан фойдаланишда замонавий бозор механизмлари жорий қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июнда “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, ер майдонларини ажратишда янгича ёндашувни бошлаб берди.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ер участкаларини бериш бўйича материаллар тўплаш, кўриб чиқиш ва келишиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими қайта ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали шаффоф ва эркни рақобат орқали 640 та бўш турган 119,1 гектар ер участкаси келажакда 487,1 миллиард сўм инвестиция киритиш шарти билан сотилган.
– Жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Навоий вилоятида фаолият юритувчи ходимлари келиб тушган 94 та ерга оид мурожаатларнинг аксарияти тадбиркорлик субъектлари манфаати учун ҳал қилинган, – дейди Вакил девони етакчи инспектори Комил Кулиев. – Жумладан, Навоий вилояти Хатирчи туманида фаолият юритувчи “Xatirchi chordara” МЧЖ раҳбари В.Бопиловнинг туман ҳокими қароридан норози бўлиб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, туман ҳокимининг 2020 йил 23 октябрдаги Қ-1577-сонли қарори билан “Xatirchi chordara” МЧЖга тегишли бўлган жами 1266,7 гектар ер майдони ўрнатилган тартибда туман захирасига олинмасдан Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига доимий эгалик учун бериб юборилган. Мазкур ҳолат бўйича МЧЖ қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш юзасидан ўрганишлар амалга оширилиб, Навоий туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Якунда суд томонидан даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилиб, муқаддам фермер хўжалигига тегишли ер майдони қайтариб берилишига эришилди.
Албатта, бугунги кунда ер участкалари ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда Бу эса ерга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгаришига сабаб бўлмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА