Тадбиркорга эътибор кучайса, мамлакат ривожланади
Бугун тадбиркорлик — шунчаки даромад топиш воситаси эмас, балки янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишнинг муҳим омилига айланмоқда. Шу боис юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларига кенг йўл очиш, фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тадбиркорлар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқот тизими йўлга қўйилгани ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Бундай мулоқотларда тадбиркорларнинг муаммолари эшитилибгина қолмай, уларни ҳал этишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Энг муҳими, билдирилган таклиф ва ташаббуслар амалиётга татбиқ этилмоқда. Ана шу эзгу мақсаднинг мантиқий давоми сифатида Бухорода тадбиркорлар учун амалий семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раҳбарлари иштирок этишиб, улар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти, унда тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган янги вазифа ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот беришди.
Семинарда вилоятда фаолият юритаётган 200 нафарга яқин тадбиркорлар иштирок этишди. Уларнинг турли соҳалардаги тажрибаси, амалий фаолияти ва кундалик иш жараёнида дуч келаётган масалалари очиқ мулоқотнинг асосий мавзусига айланди.
Тадбир давомида ишбилармонларга тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бизнес юритиш жараёнларини соддалаштириш, ортиқча маъмурий тўсиқларни камайтириш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш борасида белгиланган чора-тадбирлар тушунтирилди. Айниқса, солиқ маъмурияти билан боғлиқ жараёнларни янада такомиллаштириш, тадбиркорларга яратилган имтиёз ва енгилликлардан самарали фойдаланиш, қонунчиликдаги янгиликларни амалиётга тўғри татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Зеро, тадбиркор учун ҳар бир қулайлик — янги лойиҳа, ҳар бир имтиёз — янги иш ўрни, ҳар бир бартараф этилган тўсиқ эса иқтисодий ўсиш учун яна бир имкониятдир. Шу нуқтаи назардан, семинар оддий ахборот бериш тадбири бўлиб қолмади. У тадбиркор ва давлат идоралари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот, муаммоларни очиқ муҳокама қилиш ва уларга амалий ечим топиш майдонига айланди.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар ўз фаолиятида учраётган муаммо ва таклифларини очиқ-ойдин билдиришди. Масъуллар эса ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, уларни тизимли ҳал этиш бўйича амалий тавсиялар беришди.
Тадбиркорлар томонидан кўплаб саволлар берилди. Солиқ ҳисоботларини юритиш, солиқ маъмурчилиги, мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш, қонунчиликдаги янги талабларни қўллаш каби масалалар юзасидан мутахассислар батафсил тушунтиришлар берди.
Бундай мулоқотларнинг аҳамияти шундаки, тадбиркор ўзини ёлғиз ҳис қилмайди. Унинг овози эшитилади, муаммоси ўрганилади, таклифи муҳокама қилинади ва энг муҳими, уни ҳал этиш бўйича аниқ ёндашув шаклланади.
Бугун давлат ва тадбиркор ўртасидаги муносабатлар ҳам янги мазмун касб этмоқда. Илгариги каби тадбиркор фақат талабларни бажарувчи субъект эмас, балки иқтисодий тараққиётнинг фаол иштирокчиси сифатида қаралмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқотларни мунтазам ўтказиш ташаббуси айнан шу мақсадга — тадбиркорнинг дардини эшитиш, унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва бизнес учун янада қулай муҳит яратишга хизмат қилмоқда. Бухородаги семинар ҳам мазкур сиёсатнинг амалдаги ифодаси бўлди. Чунки ислоҳотларнинг ҳақиқий натижаси фақат қабул қилинган ҳужжатлар ёки белгиланган вазифалар билан эмас, балки уларнинг одамлар, айниқса, тадбиркорлар ҳаётида қандай акс этаётгани билан ўлчанади.
Бугун Бухорода 200 нафарга яқин тадбиркорнинг бир майдонда жам бўлиб, ўзини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олгани ҳам ана шу очиқлик ва ишонч муҳитининг ёрқин кўринишидир.
Тадбиркорга ишонч билдирилса, у янги лойиҳа бошлайди. Унга шароит яратилса, янги иш ўринлари пайдо бўлади. Муаммоси ҳал этилса, ишлаб чиқариш ҳажми ортади. Натижада нафақат бир корхона, балки бутун ҳудуд иқтисодиёти юксалади.
Шу маънода, Бухорода ўтказилган амалий семинарни тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, давлат идоралари ва бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин.
Зеро, тадбиркорга берилган имконият — юрт иқтисодиётига берилган имкониятдир. Тадбиркорнинг муваффақияти эса — янги иш ўринлари, фаровон оилалар ва тараққий этаётган ҳудуд демакдир.
Бугунги очиқ мулоқотлар эртанги катта натижаларнинг пойдеворини яратмоқда. Бухородаги семинар ҳам тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятларнинг кенгайиб бораётгани, давлат ва бизнес ўртасидаги ишончли ҳамкорлик эса янги босқичга кўтарилаётганининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири