Тадбиркор жавобгарликка тортилди
Бухоро туманлараро иқтисодий суди Бухоро шаҳридаги нодавлат тиббиёт муассасаси бўлган тадбиркорлик субъектига нисбатан 17 миллион сўм жаримани ундирув юзасидан қарор чиқарди.
Мазкур тадбиркорлик субъекти вилоят ҳокимлиги ҳамда рақобат бошқармасининг бир неча бор огоҳлантирувига қарамай ташқи реклама воситаларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги ҳамда “Реклама тўғрисида”ги Қонунларни қўпол тарзда бузиб келган.
– Натижада Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 24, 25 ҳамда 26-моддалари талаблари бузилганлиги аломатлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ иш қўзғатилди, – дейди вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов. – Қонун билан белгилаб қўйилган молиявий санкциялар қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Тадбиркорлик субъекти томонидан кўрсатма талаблари бажарилмаганлиги сабабли Рақобат бошқармаси томонидан белгиланган тартибда судга берилиб суднинг тегишли қарорига асосан жарима ундирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири