Тадбиркор ва мижоз ўртасида ишонч қандай мустаҳкамланади?
Рақобат қўмитаси томонидан "German Sparkassenstiftung" ташкилоти кўмагида, Савдо-саноат палатаси ҳамда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан ҳамкорликда “Бизнес ривожининг асосий омили — мижозга содиқлик ва истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлиги” мавзусида халқаро тренинг ўтказилди.
Тадбирда савдо, тиббиёт ва фармацевтика, умумий овқатланиш, уй-жой қурилиши ҳамда рақамли хизматлар каби турли соҳаларда фаолият юритаётган 100 га яқин тадбиркорлик субъекти вакиллари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этди.
Тренингни Рақобат қўмитаси раиси ўринбосари У. Давлатов очиб бериб, тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни “Биз сизни эшитамиз” платформаси, ҳудудлардаги учрашувлар ва очиқ мулоқотлар орқали изчил давом эттирилаётганини таъкидлади ҳамда мижозга йўналтирилган ёндашув, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳалол рақобат тамойилларини мустаҳкамлаш замонавий бизнес учун муҳим вазифалардан бири эканини қайд этди.
[gallery-31574]
Тренинг давомида халқаро ва миллий экспертлар истеъмолчиларга йўналтирилган бизнесни шакллантириш, мижозлар ишончини мустаҳкамлаш, савдони оширишнинг самарали усуллари ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Жумладан, “German Sparkassenstiftung” ташкилотининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат бўлими бошлиғи, халқаро бизнес тренер Лиа Граубергер, “Marketbridge” ва “Marketbridge Events” компаниялари асосчиси Акмал Насриддинов, Ўзбекистон бизнес ва саноат кенгаши раиси, “Toy bola” бренди асосчиси Анвар Абдуқаюм ҳамда “korzinka.uz” юристи Ойбек Муҳаммадрасул турли мавзуларда маърузалар қилди.
Маърузаларда бизнесни истеъмолчилар эҳтиёжларига мослаштириш, мижозлар билан очиқ ва самарали муносабат ўрнатиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, ҳалол рақобатни рағбатлантириш ҳамда янги норматив-ҳуқуқий талабларни амалиётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида иштирокчилар миллий ва халқаро тажриба асосида истеъмолчиларга йўналтирилган бизнес моделларини ривожлантириш, мижозлар ишончи ва содиқлигини ошириш, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича амалий билим ва кўникмаларга эга бўлди.
Н. Раҳмонова, О. Пардаев (сурат), ЎзА