Тадбиркор манфаати – иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили
Навоий шаҳрида Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулазиз Солиев иштирокида амалий семинар ташкил этилди.
Семинар аввалида таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий сектор учун янада қулай шароит яратиш, ишбилармонларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда тадбиркорлик субъектларининг ўрни беқиёс.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган муҳим ҳужжатлардан биридир.

Семинар давомида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш, бизнес юритиш жараёнларини янада соддалаштириш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар атрофлича тушунтирилди.
–Асосий мақсадимиз тадбиркорлик фаолиятига ортиқча маъмурий тўсиқларни камайтириш, ишбилармонларнинг давлат идоралари билан муносабатларини янада очиқ ва шаффоф ташкил этиш, қонуний фаолият юритаётган тадбиркор учун барқарор ва ишончли муҳит яратишдир, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Собир Намозов. – Айниқса, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва тегишли тартибда ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим. Чунки тадбиркорлик муҳити қанчалик барқарор бўлса, янги лойиҳаларга инвестиция киритиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратиш имкониятлари ҳам шунчалик ортади. Бугунги ислоҳотларда “инсон – жамият – давлат” тамойили билан бир қаторда тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини таъминлашга қаратилган ёндашув ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Тадбиркорнинг муаммосини эшитиш ва унинг ечимига кўмаклашиш, аввало, ҳудуд иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади. Шу боис давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги мулоқотни кучайтириш муҳим вазифалардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Амалий семинарда ҳам бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган семинарда тадбиркорларга фармонда назарда тутилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиш, амалдаги тартиб-таомилларни тўғри қўллаш бўйича тавсиялар берилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.
А.Бўриев.
ЎзА мухбири