Ўзбекистон тарвузи Хитой бозорига йўл олмоқда (+видео)
Ўзбекистон тарвузи Хитойнинг улкан бозорига чиқиши учун фитосанитария рухсати олинди. Бу янги имконият ортида қандай қатъий талаблар ва истиқболлар турибди?
Хитой — дунёдаги энг йирик истеъмол бозорларидан бири. Бу мамлакатга маҳсулот экспорт қилишда ўзига хос талаблар жорий этилган. Қатъий стандартларга амал қилган корхоналар юқори қўшилган қийматли бозорларга доимий экспортни йўлга қўйиши кафолатланган. Ўзбекистонда етиштирилган тарвузнинг Хитойга экспортига фитосанитария рухсатининг олиниши ана шу йўналишдаги янги имконият.
Айтиш керакки, Ўзбекистон тарвузи ташқи бозорларда аллақачон ўз харидорларига эга бўлган. Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатимиздан 233 минг тоннадан ортиқ полиз маҳсулоти экспорт қилинган. Асосий бозорлар МДҲ давлатлари. Энди эса экспорт географиясини янада кенгайтириш имконияти пайдо бўлмоқда.
- Хитойга юбориладиган тарвуз Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан рўйхатга олинган ҳамда Хитой томонидан тасдиқланган дала ва қадоқлаш цехларидан экспорт қилинади, - дейди қўмита мутахассиси Арофат Ҳасанова. – Бу далаларда доимий фитосанитария мониторинги юритилади. Маҳсулот карантин аҳамиятига эга бўлган организмлардан, хусусан қовун пашшасидан холи бўлиши шарт. Ҳар бир қадоқда маҳсулот номи, келиб чиқиш жойи, дала ва қадоқлаш цехининг коди хитой ёки инглиз тилида кўрсатилади. Экспортдан олдин ҳар бир юк карантин назоратидан ўтказилиб, фитосанитария сертификати билан расмийлаштирилади. Талаблар бузилганда ушбу корхонадан экспорт бутун мавсум давомида тўхтатилиши мумкин.
Хитой бозорининг имкониятларини рақамларда таҳлил қилиш мумкин. Хитой бош божхона маъмурияти маълум қилишича, 2024 йилда Чин юртига хориждан қарийб 296 минг тонна тарвуз импорт қилинган. Уларнинг умумий қиймати 47,8 миллион долларга тенг. Асосий етказиб берувчилар Мянма ва Вьетнам бўлган. Бундан ташқари, маҳаллий истеъмолчилар орасида талаб юқори бўлган гилос, ўрик, шафтоли каби бошқа турдаги меваларни Чили, АҚШ, Австралия, Янги Зеландия каби импортчилар етказиб берган.
Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар энди халқаро майдонда ана шундай муносиб рақобатчилар билан тенглаша оладиган даражада маҳсулот экспорт қилиши мумкин бўлади.
Санжар Тошпўлатов,
Анвар Аҳмедов,
ЎзА