Тадбиркор аёллар учун имконият кенгаймоқда
Пойтахтимизда “Тадбиркор аёлларнинг электрон тижорат салоҳиятини ривожлантириш орқали уларнинг имкониятини кенгайтириш” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Хусусий секторда фаолият юритаётган ҳамкорлар билан бирга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури томонидан аёллар орасида рақамли ва молиявий кўникма билан боғлиқ мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аёллар учун доимий иш жойи яратиш ва шу билан бирга оилавий бизнес, касаначилик, ҳунармандлик, томорқа хўжалигини кенг ривожлантириш, ўз бизнесини йўлга қўйиши учун хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашиш доимий эътиборда.

Мазкур семинардан кўзланган мақсад ҳам аёл ва қизлар рақамли иқтисодиётда фаол иштирок этиши, шунингдек кенгайиб бораётган электрон тижоратдан кенг фойдаланиши имкониятини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшишдир. Мазкур ташаббусни амалга ошириш учун БМТ ТД молиявий саводхонлик ва электрон тижорат бўйича оффлайн ва онлайн ўқув семинарлари ташкил қилмоқда.

Навбатдаги машғулотда “Uzum” маркет тармоғи мутахассислари иштирокчиларга онлайн савдо қилиш, маҳсулотни ижтимоий тармоққа жойлаш ва реклама қилиш, молиявий саводхонликни оширишга доир маълумотлар берди. Шунингдек ҳисоб-китоб юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш, онлайн савдо учун юридик ҳужжат ва шартнома билан ишлаш кўникмаси берилди.
Дарвоқе, мазкур платформа БМТ ТД (UNDP) билан ҳамкорлик меморандуми имзолаган Ўзбекистондаги биринчи IT-компания ҳисобланади. Ҳамкорлик доирасида икки томон мутахассислари мамлакат бўйлаб аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакилларига молиявий саводхонлик ва тадбиркорлик асосини ўргатади. Рақамли платформалар кўпайиши тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратишда муҳим ўрин тутади.
Октябрь-ноябрь ойлари давомида барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ҳудудий мономарказлар кўмагида ўтказилиши кўзда тутилган бундай машғулотлар давомида жами беш юздан зиёд хотин-қиз муайян билимга эга бўлади.

– Уйда ўтирган, аслида бирор ҳунари бор аёллар учун мўлжалланган ушбу семинар иштирокчиларга ўз маҳсулотини ижтимоий тармоқ орқали сотиб, бизнесини кенгайтиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган, – дейди Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги мутахассиси Ирода Мусаева. – Маълумки, бугунги кунда ижтимоий тармоқ орқали савдо қилиб яхшигина даромад топаётган фуқароларимиз кўп. Табиийки, айни услубда ишлаш хотин-қизлар учун жуда қулай. Уйдан, бола тарбиясидан ажралмаган ҳолда маҳсулотни яратиш ва сотиш мумкин. Мутахассислар эса аёлларга ўзини ўзи банд қилиш ва онлайн савдо юритиш сир-асроридан сабоқ бермоқда.
Семинарда фаол иштирок этган хотин-қизларга махсус сертификат берилади.
Гўзал Сатторова, ЎзА