Тадбиркор аёл тимсоли қандай бўлиши керак?
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳафталиги доирасида “Замонамиз тадбиркор аёли тимсоли бадиий асарларда” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда ишбилармон аёллар, киноижодкорлар, театр арбоблари, журналистлар иштирок этди.
Иштирокчилар томонидан бугунги кунда тадбиркор аёллар ҳақида яратилган фильмларнинг аксарияти томошабинни зериктириши, уларда аёлнинг ички дунёси, ҳаётга қарашлари, фаолиятидаги тўсиқлар, ютуқлари, оила аъзоларининг қўллаб-қувватлаши каби жиҳатлар ишонарли тарзда очиб берилмагани танқид остига олинди. Келгусида тадбиркор аёл сиймосини очиб берувчи фильмларда нималарга эътибор бериш керак, деган савол юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди.
– Тадбиркор аёл ҳақида фильм олаётганда аёлнинг тақдири ғалаба билан тугаши керак, фильм сўнггида тўй-томоша бўлиши шарт, деган чекловларни олиб ташлаш лозим. Аёлнинг оғриқлари, йўлидаги тўсиқлар ишонарли образлар орқали очиб берилса, менимча бундай фильмларни ҳамма севиб томоша қилади, – дейди ёзувчи Қўчқор Норқобил.

Режиссёр Иброхим Расулов кино рост нарсани ёлғонга, ёлғонни эса ростга айлантириш қудратига эга экани, айрим актрисаларимизнинг қўлига сценарий берсангиз, уни ўқиб бир кундаёқ рол ўйнашга тайёр бўлиши, ваҳоланки, санъаткор рол ўйнаши эмас, образ ичида яшаши кераклиги, ишбилармон аёл образини яратадиган актрисалар ҳам образ яратишдан олдин тадбиркорлар ҳаётини, фаолиятини ўрганиши зарурлигига эътибор қаратди.
Ёзувчи Назар Эшонқул фикрига кўра, қандай фильм яратишимиздан қатъий назар, миллатнинг ўз қадриятлари, менталитети борлигини унутмаслик керак.
— Бугунги кун тадбиркор аёли замонавий билимларга эга бўлиши, бошқарувчанлик методларини пухта эгаллаган бўлиши керак, — дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова. — Аёл жамият орасида ишбилармон қиёфада кўринса, оила аъзолари орасида она, рафиқа, келин образида намоён бўлади. Бундай фильмларга қаҳрамон бўладиган аёллар орамизда жуда кўп. Сценаристлар, режиссёрлар фильм яратишдан олдин биз билан маслаҳатлашсин. Аёлларимиз ҳаётини ўргансин, улар билан ҳамкорлик қилишга ҳамиша тайёрмиз.

Нигора Раҳмонова, ЎзА