Тадбиркор 20 та оилага 4 бошдан эчки берди
Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги чорвачиликка ихтисослашган “Буюк Жавоҳир тимсоли” фермер хўжалиги кам таъминланган оилаларга 80 бош эчки тарқатди.
Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги чорвачиликка ихтисослашган “Буюк Жавоҳир тимсоли” фермер хўжалиги кам таъминланган оилаларга 80 бош эчки тарқатди.
Ушбу фермер хўжалиги чорвачиликнинг ноанъанавий тармоғи бўлган майин тивит жун берадиган зотдор эчки боқиш билан шуғулланиб келаётир. Дастлабки туркуми Қозоғистондан келтирилган наслли эчкилар тез кўпайиб, даромад бераётир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқимиз тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олиб илгари сурган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусига қўшилган тадбиркор ўзи яшаётган ҳудуддан анча олисдаги чекка қишлоқларнинг кам таъминланган оилаларини моддий қўллаб-қувватлашга аҳд қилди. Шу мақсадда Фориш тумани раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, тўртта ҳудудий секторнинг ҳар биридаги 5 тадан камбағал оилага 4 бошдан эчки тарқатди.
– Президентимиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун турли енгилликлар яратиб бераётган экан биз ҳам бу яхшиликни яхшилик билан қайтаришимиз, халқимизнинг кам таъминланган қатламига кўмак беришимиз керак, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Камол Холматов. – Ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқиб, эчки боқиш камбағалликдан чиқишнинг катта имкониятларидан бири, деб биламан. Бу жонивор катта жой талаб қилмайди. Тез кўпайиб, гўшти, сути, сути билан рўзғорга барака киритади. Имконияти бор оилада эчки боқишни йўлга қўйиш юртимизда камбағалларни камайтиришга йўналтирилган “Саховат ва кўмак” ташаббуси амалга оширишда ҳам қўл келади.
Фермер эчки тарқатган хонадонларга яна бир имконият ҳам яратиб бераётир. Улар эчки жуни сотиш учун харидор ахтариб юришмайди. Фермер эчки жунини қайта ишлаш учун ўзи сотиб олишни айтиб, манзилини маълум қилди.