Тадбирда эзгулик, меҳр ва эътибор муҳити ҳукм сурди
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни (рукн)
Бугунги Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Жиззах вилояти Янгиобод туманида жойлашган “н” ҳарбий қисм бўлинмаларида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун байрамона тадбир ташкил этилди. Болаларнинг кулгуси ва қувончлари садосига тўлган ушбу масканда эзгулик, меҳр ва эътибор муҳити ҳукм сурди.

Тадбир доирасида ўтказилган расм чизиш мусобақаси болажонларнинг беқиёс тасаввур олами ва ижодий иқтидорини яна бир бор намоён этди. Ёш иштирокчилар томонидан чизилган ранг-баранг суратларда Ватанга муҳаббат, тинчлик қадри, она табиатнинг гўзаллиги ва бахтли болалик орзулари ўзининг ёрқин ифодасини топди. Ҳар бир расмда болалар қалбининг мусаффолиги, орзу-умидлари ва ҳаётга бўлган беғубор қарашлари акс этди.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли ва эсда қоларли лаҳзалари якуний қисмда намоён бўлди. Унда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари раҳбарияти томонидан ажратилган байрам совғалари ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига тантанали равишда топширилди. Болажонларнинг юзида жилваланган самимий табассум, кўзларида порлаган шодлик ва қалбларидаги беқиёс қувонч байрамга янада файз ва кўтаринки руҳ бағишлади.

Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Жумладан, 2008 йил 7 январда қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ёш авлоднинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Юртимизда болаларга қаратилган бундай маънавий-маърифий тадбирлар ҳам айнан мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва устувор мақсадларини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни тарихи ҳам инсониятнинг ёш авлод тақдирига бўлган юксак масъулияти билан чамбарчас боғлиқ. Ушбу сана 1949 йилда Халқаро Демократик аёллар федерацияси ташаббуси билан таъсис этилган бўлиб, 1950 йилдан бошлаб дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг нишонлаб келинмоқда. Бу кун болалар ҳуқуқлари, уларнинг хавфсизлиги, таълим олиши ва соғлом камол топиши масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратишга хизмат қилади.
Янгиобод туманида ўтказилган мазкур байрам тадбири ҳам ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди. Зеро, болаларга кўрсатилган меҳр ва эътибор — миллат келажагига қаратилган сармоядир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири