Тадбир журналистлар хотирасини ёд этиш, меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга бағишланди
Инсон умри бир кун тугайди. Аммо унинг эзгу ишлари, айтган сўзи, ёзган сатри, эл-юрт учун қилган хизмати яшайверади. Айниқса, қалам аҳлининг умри қоғозга, китобга, газетанинг ҳар бир саҳифасига, халқ хотирасига муҳрланса, бундай меросни вақт ҳам, масофа ҳам йўқота олмайди.
Бугун биз тарихий хотирани тиклаш, миллий ўзликни англаш, аждодларимиз қолдирган маънавий хазинани асраб-авайлашга катта аҳамият қаратаётган бир даврда яшаяпмиз. Давлат раҳбари томонидан миллий қадриятлар, тарихий хотира, буюк аждодлар, жадидлар меросини чуқур ўрганиш ва уларнинг эзгу ғояларини ёш авлодга етказиш борасида илгари сурилаётган ташаббуслар ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Зеро, ўз тарихини билган халқнинг эртаси ишончли бўлади. Устозларини унутмаган миллат эса ўзлигини ҳеч қачон йўқотмайди. Бухоро шаҳридаги қадимий Кўкалдош мадрасасида бўлиб ўтган “Йўқотилмаган мерос” номли хотира кечаси ана шу ҳақиқатнинг таъсирчан ифодаси бўлди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тадбир вилоят матбуоти ва журналистикаси ривожига муносиб ҳисса қўшган 160 нафар устоз журналист хотирасини ёд этиш, уларнинг серқирра ижодий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга бағишланди.


Бу оддий хотира тадбири эмас эди. Бу — кечаги авлод билан бугунги қалам аҳлини боғлаган маънавий кўприк, устоздан шогирдга ўтаётган ижодий машъалнинг рамзий давоми эди.
Кўкалдош мадрасаси... Асрлар давомида қанча авлодларнинг қадамига гувоҳ бўлган, қанча сир-синоатларни бағрида сақлаган бу кўҳна масканда бу сафар яна бир унутилмас кеча бўлди. Мадраса деворлари остида янграган хотиралар ўтмиш билан бугунни бир нуқтада туташтирди. Бу ерда устоз ва шогирд, кеча ва бугун, тарих ва келажак ҳақида сўз борди.
Хотира кечаси марҳум устозлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилиниши ва дуо билан бошланди. Бу лаҳзаларда тадбир иштирокчилари қалбида ўзгача сукут ҳукм сурди. Гўё кўҳна мадраса деворлари ҳам бир замонлар Бухоро матбуоти ва адабиёти равнақи учун қалам тебратган инсонларнинг номларини қайта-қайта такрорлаётгандек эди. Шундан сўнг меҳмонлар махсус ташкил этилган хотира кўргазмаси билан танишди.
Кўргазмада XX аср бошларида чоп этилган “Бухоро пролетари”, “Бухоро ахбори”, “Бухоро ҳақиқати” каби ноёб газеталар, шунингдек, радио соҳасининг шаклланиш жараёнидан дарак берувчи эски буюм ва техник жиҳозлар намойиш этилди.


Бу экспонатларга қараб, оддий бир газета саҳифасини эмас, бутун бир даврни кўриш мумкин эди.
Сарғайган қоғозлар — кечаги куннинг тирик гувоҳи. Эски ҳарфлар — ўз даврининг нафаси. Радио ускуналари эса овози узоқларга етган бир авлоднинг излари эди.
Хотира кечасида Бухоро ва миллий матбуот ҳамда адабиётимиз тарихида муносиб ўрин қолдирган кўплаб ижодкорларнинг ҳаёт йўли ёдга олинди.
Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Неъмат Аминов, Омон Мухтор, Жамол Камол, Тошпўлат Ҳамид, Тошпўлат Аҳмад, Бахтиёр Асадов, Эркин Ёдгоров сингари қалам аҳлининг номи тилга олинганда, залда ўзига хос ҳурмат ва эҳтиром муҳити сезилди.
Уларнинг ҳар бири ўз даврининг мураккаб синовларини бошидан кечирган. Айримлари ижод қилишнинг ўзи жасорат талаб этган замонларда қаламига хиёнат қилмаган. Айримлари миллат маънавияти, маърифати ва адабиёти учун ўз ҳаётини бағишлаган. Уларни бирлаштириб турган энг улуғ фазилат эса битта — қаламга садоқат.
Улар учун журналистика фақат касб эмас, халқ олдидаги масъулият эди. Сўз эса оддий восита эмас, инсонни уйғотадиган, жамиятни ҳаракатга келтирадиган, ҳақиқатни авлоддан авлодга етказадиган куч эди.
Бугун уларнинг асарлари, мақолалари ва ижодий мероси ёш журналистлар учун катта мактаб вазифасини ўтайди.
Тадбирнинг асосий қисмида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Гулшода Иброҳимова сўзга чиқиб, хотира кечасининг мақсад ва аҳамияти хусусида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, устозлар ижодини ўрганиш, улар қолдирган бой меросни келажак авлодга етказиш, номларини абадийлаштириш — бугунги авлоднинг шогирдлик бурчидир. Дарҳақиқат, журналистикада устоз-шогирд анъанаси оддий касбий муносабат эмас. Бу — тажриба, маънавият ва масъулиятнинг авлоддан авлодга ўтиши. Бугунги ёш журналист қўлидаги қалам кечаги устознинг қалами билан маънан боғланган бўлса, демак, мерос узилмаган.


Хотира кечасининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, марҳум журналист, адиб ва ёзувчиларнинг тадбирда иштирок этган оила аъзолари ҳамда фахрий журналистлар томонидан тўпланган маълумотлар асосида алоҳида китоб нашр этиш таклифи илгари сурилди. Бу таклифнинг аҳамияти беқиёс. Чунки инсон хотираси қанчалик кучли бўлмасин, вақт ўтиши билан айрим тафсилотлар унутилиши мумкин. Китоб эса хотирани авлодлар учун сақлаб қолади.
Бугун бир оилада сақланаётган сурат, бир устознинг ёзган қўлёзмаси, ҳамкасбининг хотираси, архивдаги бир мақола ёки сарғайган газета эртага бутун бир авлод учун қимматли тарихий манбага айланиши мумкин. Шу маънода, “Йўқотилмаган мерос” кечасида илгари сурилган китоб яратиш ташаббуси нафақат журналистика тарихи, балки Бухоронинг маънавий ва маданий ҳаётини ўрганиш учун ҳам муҳим қадамдир.
Кеча якунига етди. Меҳмонлар тарқалди. Кўкалдош мадрасаси яна ўзининг сокин ҳолатига қайтди. Аммо бу кечанинг садоси, эҳтимол, ҳали узоқ вақт қалбларда яшайди. Чунки хотира — ўтмишга қарашгина эмас. Хотира — келажак олдидаги масъулият ҳамдир.


Бугун биз устозларни эсласак, эртага кимдир бизнинг ишларимизни эслайди. Бугун биз уларнинг меросини асрасак, эртага авлодлар бизнинг маънавий меросимизни асрайди.
Шунинг учун “Йўқотилмаган мерос” номи шунчаки тадбир номи эмас. Унда катта бир ҳақиқат мужассам: инсон кетади, аммо эзгулик қолади; қалам эгаси вафот этади, аммо унинг сўзи яшайди; авлодлар алмашади, аммо ҳақиқатга хизмат қилган мерос йўқолмайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири