Тадбир барчада чуқур таассурот қолдирди
Жиззахда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси ва вилоят суди ташаббуси билан “Уч авлод учрашуви”, вилоят судлари тарихига бағишлаб ёзилган “Жиззах вилоят судлари: тарих, тараққиёт, бугун” номли ҳамда Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевнинг “Покланиш палласи” номли китобларининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда вилоят суди раиси Акрам Шукуров сўзга чиқиб, Убайдулла Мингбоевнинг ҳаёт йўли, ибратли фаолияти, орттирган бой тажрибаси барча судьялар учун ибрат мактаби эканлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев судья ўз хатти-ҳаракатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши, шу орқали фуқароларда судга, судьяга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғота олиши лозимлигини айтди.
Суд фахрийлари Савронбек Турсунов ҳамда Митанбой Равшановлар ҳам кўп йиллик фаолияти мобайнида орттирган тажрибаларини йиғилган ўқувчи- ёшларга сўзлаб берди.
Жиззах вилоят судининг судьяси Сирожиддин Қувватов ушбу “Покланиш палласи” номли китобнинг аҳамияти ҳақида гапириб, унда фарзанд тарбияси, инсоннинг ахлоқий қарашлари, давлат ва жамиятда юз бераётган янгиланишларга бўлган муносабат, дахлдорлик ҳисси ва ҳуқуқий давлатнинг муҳим шартларидан бири бўлган қонун устуворлигига оид фикрлар акс этганлигини таъкидлади.
[gallery-20173]
“Жиззах вилоят судлари: тарих, тараққиёт, бугун” номли китобнинг тақдимотида вилоят судининг судьяси Шуҳрат Худоёров мазкур китобнинг мазмун-моҳияти, вилоят судларининг ўтган йиллар давомидаги тарихига муҳрланган воқеликлар, тараққиёт пиллапоялари ва бугуни китобхонларга манзур бўлиши тўғрисида гапирди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари