Табиий офатлар хавфи ва иқлим ўзгариши
Тошкентда глобал муаммоларга бағишланган нуфузли халқаро конференция ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида “Табиий офатлар хавфини баҳолаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш учун тизимли таҳлил” мавзусидаги халқаро илмий конференциянинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маълумки, сўнгги йилларда глобал исиш, атмосферадаги иссиқхона газлари миқдорининг ошиб бориши ва глобал иқлим ўзгаришлари бутун дунё қатори Марказий Осиё минтақасида ҳам жиддий экотизим муаммоларини келтириб чиқармоқда. Қурғоқчилик, сел келиши, кўчкилар ва сув танқислиги каби табиий офатларнинг олдини олиш, уларнинг салбий оқибатларини баҳолаш ҳамда замонавий илмий ёндашувлар асосида минтақавий барқарорликни таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидан бирига айланди. Мазкур халқаро анжуман ана шундай глобал чақириқларга қарши курашишда илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Бундай мураккаб экотизим муаммолари ҳеч қачон битта давлатнинг чегараси билан чекланиб қолмаслиги барчамизга аён. Шу боисдан ҳам трансчегаравий хавфларни бартараф этиш ва глобал таҳдидларга қарши биргаликда курашиш учун халқаро ҳамкорликни кучайтириш талаб этилади.
Айнан шу мақсадларни ўзида мужассам этган мазкур нуфузли анжуманда дунёнинг етакчи давлатларидан таниқли олимлар, соҳа мутахассислари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари жам бўлди. Хусусан, конференцияда Ўзбекистон билан бир қаторда Россия, Австрия, Испания, Германия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия ва Покистон каби давлатлардан келган илмий доира вакиллари ўзларининг фундаментал ва амалий тадқиқот натижаларини муҳокама қилмоқда. Бу билан турли минтақаларнинг ўзига хос табиий-иқлимий шароитларини ҳисобга олган ҳолда ягона илмий платформа ва тажриба алмашиш имконияти яратилаётир.

Халқаро форумнинг асосий муҳокама йўналишлари замонавий илм-фаннинг энг устувор вазифаларини тўлақонли қамраб олган бўлиб, унда табиий ва иқлимий хавфларни баҳолаш ҳамда камайтиришнинг замонавий усуллари, яъни илғор математик моделлаштириш, геоинформацион тизимлар ва фазовий мониторинг технологияларидан фойдаланиш масалалари таҳлил қилинмоқда.
Шу билан бирга, табиий офатлар оқибатларини олдиндан аниқлаш, эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириш, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда инфратузилма тармоқларини ўзгариб бораётган иқлим шароитига мослаштириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Қолаверса, тупроқ деградацияси ва чўлланиш жараёнларини жиловлаш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш орқали деградацияга учраган экотизимларни қайта тиклаш масалалари ҳам конференциянинг марказий мавзуларидан биридир.
Юқоридаги барча йўналишлар ва илмий изланишларнинг уйғунлашуви мамлакатимиз ҳамда бутун Марказий Осиё минтақасининг экологик хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Мазкур халқаро илмий анжуман ўз ишини жорий йилнинг 23 октябрь кунига қадар давом эттиради ва унинг якунлари бўйича ишлаб чиқиладиган амалий тавсиялар ҳамда илмий хулосалар соҳада келажакдаги стратегик қарорлар учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
[gallery-32094]
Моҳигул Қосимова,
Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА