Табиий газ ўғирлигига чек қўйилди
Тошкент вилоятида табиий газдан оқилона фойдаланишни таъминлаш, ноқонуний уланишлар ва талон-торож ҳолатларининг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқаруви раисининг тегишли топшириғига асосан ташкил этилган махсус ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилаётган ўрганишлар давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Зангиота тумани Назарбек маҳалласида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасида ўтказилган хатловда истеъмолчи газ ҳисоблаш ускунасини четлаб ўтган ҳолда табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, газ таъминоти корхонасига етказилган зарар миқдори 221 миллион 616 минг сўм этиб белгиланди.
Шунингдек, Пискент тумани Навоий маҳалласида яшовчи фуқаро ўз хонадонидаги газ ҳисоблагичини ечиб қўйган ҳолда табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Бу ҳолат оқибатида газ таъминоти корхонасига 104 миллион сўм зарар етказилгани ҳисоб-китоб қилинди.
Ҳар икки ҳолат бўйича тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Масъуллар бундай қонунбузилишларнинг олдини олиш ва энергетика ресурсларидан қонуний ҳамда оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом эттирилишини маълум қилди.
А.Мусаев, ЎзА