Табиатни асраш – ҳар биримизнинг бурчимиз
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мавжуд экотизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш, кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, боғлар, яшил ҳудудлар барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда барча ташкилот, корхона ва муассасалар, юртдошларимиз фаол иштирок этмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девони томонидан “Табиатни асраш – бурчимиз!”, “Биргаликда дарахт эк!” шиорлари остида жойларда меҳнат жамоалари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда.

Вакил девони масъуллари ҳамда туман, шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, кадастр ва экология соҳаси вакиллари, тадбиркорлар иштирокида Булоқбоши ва Балиқчи туманларида бўлиб ўтган учрашувларда “Яшил макон” лойиҳасининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, атроф-муҳит, экология мусаффолигини барқарор сақлаш, кўчат экиш ишларида фаол қатнашиш хусусида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирларда вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари, аҳоли кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш, яшил ҳудудлар барпо этиш ишларида фаол иштирок этишга чақирилди.

– Она табиат ва экологик мусоффоликни сақлаш, яшил ҳудудлар барпо этиш, боғлар яратиш хайрли ва савобли ишдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятидаги бош инспектори Муроджон Ҳошимов. – Шу боис ҳам ушбу хайрли ишда барчани фаол иштирок этишига чақирамиз.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари