Табиатни асраш – барчамизнинг бурчимиз
Бухоро вилоятида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қонунбузарликларнинг олдини олиш борасида амалий ишлар давом этмоқда. Айни паллада, балиқ захираларини кўпайтириш ва уларнинг табиий урчиш жараёнини муҳофаза қилиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Ана шу мақсадда Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси Экополиция ходимлари томонидан Ғиждувон туманида жойлашган Шўркўл сув омборида навбатдаги рейд тадбири ўтказилди. Рейд давомида фуқаро И.Т. томонидан балиқлар урчиш даврида қармоқ билан овлашга уриниш ҳолати аниқланди.
Мазкур қоидабузарлик зудлик билан бартараф этилди. Ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 8 240 000 сўм миқдорида жарима қўлланилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартибларига риоя этмаслик, жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 30 бараваридан 40 бараваригача жарима қўлланилиши мумкин.
Агар ушбу қоидабузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, ҳуқуқбузарлик қуроллари мусодара қилиниб, жарима миқдори янада оширилиб, фуқаролар учун 30 баравардан 40 бараваргача, мансабдорлар учун эса 40 баравардан 50 бараваргача белгиланади.
Табиат келажак авлодга қоладиган бебаҳо меросдир. Уни асраш, қонунларга риоя қилиш ва табиий бойликлардан масъулият билан фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг бурчи. Экологик назорат тадбирлари эса ана шу масъулиятни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.