Ҳуқуқбузарликларга қарши тарғибот тадбири ўтказилди
Гулистон шаҳар Ёшлар марказида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” муносабати билан коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган тарғибот учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши, вилоят ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Гулистон ҳарбий прокуратураси ва Сирдарё вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир давомида коррупциянинг жамият тараққиётига салбий таъсири, қонунбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, иштирокчиларга ҳуқуқий маданиятни ошириш, масъулият ва жавобгарлик ҳиссини кучайтириш бўйича тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Мулоқотлар жараёнида “Фирибгарлик — ўзганинг мол-мулкини алдаш йўли билан эгаллаш жинояти” мавзусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Мутахассислар фирибгарлик ҳолатларининг кенг тарқалиш сабаблари, уларнинг олдини олиш йўллари ҳамда фуқароларнинг огоҳлиги ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш аҳамияти ҳақида атрофлича фикр билдирдилар.
– Бугунги кунда коррупция ва турли ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юклаб қўйиш тўғри эмас. Бу жамиятнинг ҳар бир бўғини, айниқса, ёшлар онги ва масъулияти билан чамбарчас боғлиқ жараёндир. Чунки қонунга ҳурмат, ҳалоллик ва виждонлилик аввало инсоннинг ички маданиятида шаклланади.
[gallery-29225]
Ёшлар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, уларни турли салбий иллатлар, хусусан, фирибгарлик ва коррупция ҳолатларининг асл моҳиятини англашга ўргатиш бугунги профилактика ишларининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Агар биз ёш авлод онгида қонун устуворлигига бўлган ишончни мустаҳкамлай олсак, келажакда жиноятчиликка мойиллик ҳам кескин камаяди.
Шу маънода, бундай учрашувлар фақат тушунтириш эмас, балки ҳуқуқий тафаккурни шакллантирадиган, масъулият ҳиссини уйғотадиган муҳим платформа ҳисобланади. Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда эса нафақат барқарорлик, балки ишонч ва тараққиёт ҳам мустаҳкам бўлади, – дейди Гулистон ҳарбий прокуратураси вакили, адлия подполковниги Фаррух Жумаев.
Таъкидланганидек, юрт тинчлиги, қонун устуворлиги ва хизмат шарафини сақлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Шу маънода, бундай тадбирлар ёшлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда коррупцияга қарши қатъий ижтимоий муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА