Табиатга зарар етказсак, унинг ўрнини тўлдира оламизми?
Ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш ва камёб ҳайвонларни муҳофаза қилишга янгича ёндашув.
Табиатда бирор ҳайвоннинг йўқолиб кетишига кўпинча оддий ҳодиса сифатида қараб қўямиз. Гўёки табиатда унинг ўрнини бошқа бир жонзот эгаллайдигандек. Аслида эса бундай эмас. Ҳар бир ҳайвон турининг табиатда ўз ўрни ва вазифаси бор. У озиқ занжирининг бир қисми, муайян экотизимнинг таркибий бўғини ҳисобланади.
Шунинг учун ҳайвонот дунёсига етказилган зарарни фақат нобуд бўлган ҳайвонлар сони билан ўлчаб бўлмайди. Бу масалага анча кенгроқ қараш зарур. Айниқса, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонлар ҳақида гап кетганда, ҳар бир йўқотиш жиддий масаладир.
Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги «Ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 343-сон қарори муҳим аҳамиятга эга. Бу қарорнинг аҳамиятини биргина ҳужжат доирасида эмас, балки ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга бўлган ёндашувнинг янада такомиллашаётгани нуқтаи назаридан баҳолаш лозим.
Энг аввало, қарор номидаги «йўқотишларнинг ўрнини қоплаш» иборасига эътибор бериш керак. Бу жуда муҳим тушунча. Чунки табиатга зарар етказилганда масала фақат айбдорга жарима солиш билан тугамаслиги лозим. Етказилган зарарнинг ўзи ҳам қопланиши, имкони борича табиий ресурс тикланиши ва бундай ҳолат қайта такрорланмаслиги учун зарур чоралар кўрилиши керак.
Биологик ресурсларга етказилган зарарни қоплаш экологик жавобгарликнинг асосий вазифаларидан биридир. Мақсад фақат жазолаш эмас, балки етказилган зарарни қоплаш ва келгусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат. Масалан, ноқонуний ов натижасида ноёб ҳайвон нобуд бўлса, у учун белгиланган миқдорда маблағ ундириш мумкин. Аммо бу маблағнинг ўзи табиатда йўқолган ҳайвонни қайтариб бера олмайди. Шу сабабли компенсациянинг мақсади фақат пул ундириш эмас, балки табиатга етказилган зарар оқибатларини бартараф этишга хизмат қилиши зарур.
Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш соҳасида тақиқлар, чекловлар ва рухсат бериш тартиблари муҳим аҳамиятга эга. Айрим ҳайвон турларидан фойдаланишга умуман йўл қўйилмайди, айрим ҳолларда эса бу фақат белгиланган талаблар ва рухсатнома асосида амалга оширилади. Рухсат беришга асос бўлган шартлар бузилса, фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиш ёки бекор қилиш каби чоралар қўлланиши мумкин. Бу талабларнинг мақсади инсоннинг табиатдан фойдаланишини бутунлай чеклаш эмас, аксинча, бугун фойдаланиб, эртага ҳам фойдаланиш имкониятини сақлаб қолишдир. Илмий нуқтаи назардан ҳам биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш деганда ресурсни шунчаки истеъмол қилиш эмас, балки унинг хусусиятларини ҳисобга олиш, тежамли фойдаланиш, қайта тиклаш ва ҳолатини яхшилашга ҳаракат қилиш тушунилади.
Қарордаги энг муҳим янгиликлардан бири — 2026 йил 1 августдан 2028 йил 1 январга қадар камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни овлашга тақиқ жорий этилганидир. Бир қарашда бу оддий тақиқдек кўринади. Лекин масалага чуқурроқ қаралса, бунинг ортида катта мақсад ётибди. Гап табиатда сони камайиб кетган ҳайвонларга яна бир неча йил нафас ростлаш, кўпайиш ва табиий популяциясини тиклаш имкониятини бериш ҳақида кетмоқда.
Энг муҳими, қарорда овлаш тақиқланган турларга квота ажратишга ҳам йўл қўйилмайди. Бу эса мазкур чоранинг жуда жиддий эканини кўрсатади. Яъни муайян камёб тур бўйича «оз миқдорда бўлса ҳам овлаш мумкин» деган ёндашувга асло йўл қўйилмайди. Албатта, қарорда айрим истиснолар ҳам назарда тутилган. Масалан, фермалар, питомниклар, инкубаторлар, балиқчилик хўжаликларида сақланаётган ёки етиштирилаётган ҳайвонлар, шунингдек, илмий ва тиббий мақсадларда фойдаланиш учун овлаш ҳолатлари ушбу чеклов доирасига кирмайди. Бу ҳам муҳим, чунки муҳофаза режими ҳайвоннинг ҳолати, унинг табиий муҳитдаги сони ва фойдаланиш мақсадидан келиб чиқиб белгиланиши лозим.
Қарорда овчилар масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Ов қилишни чеклашнинг ўзи етарли эмас, чунки овчилик билан шуғулланиб келган инсонларнинг қизиқиши ва кўникмаларини ҳам ҳисобга олиш керак. Шу сабабли 2026 йил 1 августдан бошлаб овчилар учун ўқ отиш спортига ихтисослаштирилган машқ полигонларида муқобил машғулотлар ташкил этилиши белгиланди. Бу табиатга зарар етказадиган фаолиятни чеклаш билан бирга, унинг ўрнига қонуний ва хавфсиз муқобил имконият яратишга хизмат қилади. Одамга фақат «мумкин эмас» дейишдан кўра, «бунинг ўрнига мана бундай қилиш мумкин» дейиш кўп ҳолларда самаралироқ натижа беради.
Қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати сувдаги биологик ресурсларни тиклаш билан боғлиқ. Қарорда 2026–2030 йилларда республика марказий шаҳарларидан оқиб ўтувчи дарё ва сойларни ҳар йили камида 15 тонна чавоқ билан бойитиш белгиланган. Бу ерда асосий масала фақат рақамларда эмас, балки сув ҳавзаларининг табиий бойлигини қайта тиклашга тизимли ёндашув бошланаётганидадир.
Ҳужжатга кўра, аввал Фанлар академияси ва Балиқчилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда дарё ва сойлардаги ихтиофауна ҳолати ўрганилади, кейин қайси балиқ турларини кўпайтириш тавсия этилиши аниқланади. Чунки ҳар қандай дарёга исталган балиқ турини ташлаб қўйиш билан муаммо ҳал бўлмайди. Балиқнинг ўша сув ҳавзасига мослиги, озиқланиши, кўпайиши ва бошқа турлар билан муносабати ҳисобга олиниши шарт.
Албатта, фақат чавоқ ташлашнинг ўзи кифоя қилмайди. Агар дарёга чавоқ ташлаб, бир вақтнинг ўзида сувни ифлослантириш ёки ноқонуний балиқ овлашга қарши назорат сусайтирилса, кутилган натижага эришиб бўлмайди. Шу сабабли чавоқлаштиришни сув экотизимларини тиклаш ишларининг ажралмас қисми сифатида кўриш лозим. Қарорда бу ишлар Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилангани биологик ресурсларни тиклаш учун мустаҳкам манба мавжудлигини кўрсатади.
Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишда энг оғриқли масалалардан бири — браконьерлик. Шу сабабли қарорда ноқонуний ов қилиш ва браконьерликка қарши назорат тадбирларини кучайтириш алоҳида вазифа қилиб қўйилди. Замонавий экологик назорат фақат рейдлар билан чекланмасдан, мониторинг, рақамли технологиялар, аниқ ҳисоб-китоб, аҳоли билан ҳамкорлик ва жамоатчилик назоратини кенг қўллашни талаб этади.
Ҳар қандай қарорнинг аҳамияти унинг матни билан эмас, амалий натижаси билан ўлчанади. Энг катта натижа эса табиатга зарар етказилгандан кейин унинг оқибатини бартараф этишдан зарарнинг олдини олишга ўтишдир. Чунки йўқотилган маблағни қайтариш мумкин, лекин йўқолган турни ҳар доим ҳам қайтариб бўлмайди.
Табиатни муҳофаза қилишда энг тўғри йўл — аввал асраш, кейин тиклаш, энг охирида зарарни қоплашга мажбур бўлмасликдир. Табиатни асраш — уни йўқотгандан кейин ўрнини тўлдириш эмас, балки уни йўқотмаслик учун бугун ҳаракат қилишдир. Бу вазифа фақат экологларнинг эмас, давлатнинг, жамиятнинг ва ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Олим НАРЗУЛЛАЕВ,
эксперт.
ЎзА