Табиат муҳофазага, меҳрга муҳтож
Бугунги кунда инсоният иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги, атроф-муҳитнинг фалокатли ифлосланиши, биохилма-хилликнинг камайиши каби глобал экологик муаммоларга дуч келмоқда. Бу муаммолар инсон ва табиат ўртасидаги муросасиз тўқнашувлар натижасидир. Агар уларга вақтида эътибор қаратилмаса, инсоният бошига мисли кўрилмаган талофатларни олиб келади.
Юртимизда дастлаб 1998 йилда биологик ранг-барангликни сақлаш бўйича миллий стратегия ва ҳаракатлар режаси, 2019 йилда 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси қабул қилинди. Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги Кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонларнинг турларини сақлаш бўйича Конвенцияга қўшилган. 1979 йилда Бонн шаҳрида (Германия) қабул қилинган бу конвенция Бонн Конвенцияси деб ҳам аталади ва 133 мамлакат конвенция иштирокчиси ҳисобланади.
Глобал экологик фонд (ГEФ), Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД), Атроф-муҳит дастури, ЮНEСКО, Бутунжаҳон ёввойи табиатни муҳофаза қилиш жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига 206 ҳайвон ва 314 ўсимлик турлари киритилган. Мутахассисларнинг фикрича, Қизил китобнинг янги нашри учун йўқолиб кетиш арафасида турган 21 тур, жумладан, 5 тур умуртқасизлар, 5 тур судралиб юрувчилар, 4 тур қушлар, 7 тур сутэмизувчилар тўғрисида ҳамда ҳайвонот дунёсининг 12 та ноёб турлари мақомини ўзгартириш бўйича маълумотлар тайёрланган. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ҳисоб-китобларига кўра Ўзбекистонда учрайдиган 46 тур ҳайвон ва 16 тур ўсимлик глобал миқёсида йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлардир.
Ўзбекистон кўплаб кўчиб юрувчи ҳайвонлар, жумладан, қор қоплони, Бухоро буғуси, қулон, жайрон, фламинго, оқ турна ва бошқаларнинг ареали ҳисобланади. “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонлар миграция йўлларининг мамлакатимиз ҳудуди орқали ўтиши, кўчманчи қушлар учун дам олиш ва қишлаш жойлари бўлган сув ҳавзаларининг мавжудлиги ўлкамизнинг жаҳон биологик хилма-хиллигини сақлашдаги аҳамиятини белгилаб берди.
Маълумки, кўчиб юрувчи турларнинг миграция йўллари сиёсий чегараларга бўйсунмайди ва уларнинг яшаб қолиши кенг миқёсдаги халқаро ҳамкорлик ва биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича трансчегаравий ҳаракатларга боғлиқ. Шу нуқтайи назардан яқинда юртимизда ўтказилган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши беқиёс аҳамиятга эга.
Таъкидлаш жоизки, илгари бундай форум МДҲ давлатларида ўтказилмаган. Ўзбекистон Марказий Осиё ва Ҳамдўстлик мамлакатлари орасида биринчи бўлиб ушбу тадбирга мезбонлик қилди. Уч йилда бир марта бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда яшаш жойларини сақлаш ва тиклаш, ҳаддан ташқари эксплуатация, яшаш жойларининг йўқолиши ва бўлиниб кетиши, иқлимнинг ифлосланиш ва ўзгариши каби муаммолар муҳокама қилинди. Тарихда илк бор “Дунёда кўчиб юрувчи турларнинг ҳолати” тўғрисида ҳисоботни тайёрлаш, ёруғлик ифлосланиши бўйича янги глобал тавсиялар ва унинг кўчиб юрувчи турларга таъсирини минималлаштириш учун чизиқли инфратузилма бўйича илғор тажрибаларни тақдим этишга имконият яратди.
Конференция арафасида Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти ташкилотчилигида “Марказий Осиё миграция йўли” ишчи гуруҳи аъзолари бўлган табиатни муҳофаза қилиш ташкилотларининг учрашуви ўтказилди.
Бу учрашувда қушларнинг миграция йўллари ва кўчиб юрувчи қушлар турлари бўйича 17 нафар халқаро эксперт, жумладан, қушларни муҳофаза қилиш Бутунжаҳон ассоциацияси (Буюк Британия ва Бельгия), Бомбей табиатшунослик жамияти (Ҳиндистон), дала орнитологияси гуруҳлари (Шри-Ланка), Қироллик табиатни ҳимоя қилиш жамияти (Буюк Британия), Непал қушларни муҳофаза қилиш хизмати (Непал), Қозоғистон биохилма-хиллигини сақлаш ассоциацияси (Қозоғистон) вакиллари иштирок этди.
Юртимизда она табиатни кўз қорачиғидек асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни келгуси авлодларга бекаму кўст етказиш борасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар самараси ўлароқ Самарқанд давлат университетида “Ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш маркази” ташкил этилди.
Ушбу марказнинг асосий мақсади ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кўплаб турлари ҳозирги ҳолати ва мақомини мониторинг қилишдан иборат.
Марказ ишида нафақат Ўзбекистоннинг зоолог, ботаник, эколог олимлари, балки хорижий давлатларнинг етакчи мутахассис-олимлари ҳам иштирок этади.
Мазкур марказ фаолиятининг асосий йўналишларидан яна бири университет Зоология музейи ва энтомология фондида сақланаётган илмий коллекцияларни сақлаш, тўлдириш ва таҳлил қилиш ҳисобланади. 1934 йилда ташкил этилган бу музей Марказий Осиёдаги ягона ва энг йирик музей бўлиб, унда 7500 дан ортиқ ҳайвон экспонатлари сақланади. Энтомологик коллекцияда нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни мамлакатларда тарқалган 10 минг турга мансуб 110 мингга яқин турли ҳашаротлар мавжуд.
Музейда 1935 йилда Амударё тўқайзорларидан тутилган, дунёда ягона бўлган Турон йўлбарси экспонати сақланади. Турон йўлбарси 1954 йилдан бери табиатда ҳам, ҳайвонот боғларида ҳам учрамайди. Шунингдек, экспонатлар қаторидан Сирдарё куракбуруни, катта Амударё куракбуруни ва Амударё кичик куракбуруни, судралиб юрувчилардан – бўз эчкиэмар, Ўрта Осиё кобраси, қушлардан – Зарафшон қирғовул, оққуш шипун, пушти сақоқуш, фламинго, оқ ва қора лайлаклар, оддий лочин, итолғи, болтаютар, бургут, сутэмизувчилардан –Марказий Осиё қундузи, олақўзан, Тяншан қўнғир айиғи, Бухоро буғуси, архар, жайрон каби ноёб ҳайвонлар экспонати жой олган.
Абдурашид Жабборов,
Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти Самарқанд филиали раиси.
Асолат Ҳамидова, СамДУ катта ўқитувчиси.