Табиат инсондан қасд олишга ўтмасин...
2021 йил 5 ноябрь куни бўлиб ўтган қум бўронлари, аҳолини бефарқ қолдирмади. Автомобиллар ойналари қум, чанг билан қопланган, кўчаларда оғир сукунат. «Ўзгидромет» маркази кузатувларига кўра, сўнгги 150 йил ичида Ўзбекистонда бундай ҳодиса кузатилмаган экан.
150 йил ичида инсоният она сайёрамиз табиатини буткул ўзгартириб юборгандек гўё. Яқин-яқин замонларни эслайман. Биринчи синфга борган қизалоқ пайтим. Бир куни мактабдан қайтаётсам, Бозор момонинг бир асрга тенгдош гужумини (чинор) ўн-ўн беш чоғли одам трактор билан қўпориб қулатаётган эканлар, ичикиб йиғлаганман... Ўша манзара бир умрга кўз ўнгимда қолиб кетди. 1971-1981-йиллар эди. Кейинроқ бундай улкан гужум, тут, жийда ва токзорлар кесилиб, 40 -50 гектарлик пахта далаларига айлантирилди. Амударёдан катта юк кемаларида ўтиларди. У қирғоғи билан бу қирғоғи базўр кўринар, дарёнинг ҳайбати қўрқинчли эди. Мана, орадан ярим аср ўтди. Ҳозирги кунда замонавий кўприк қурилган, 5-10 дақиқага қолмай, ўтиб оласиз. Амударё ўз қирғоқларини, ям-яшил тўқайзорларини, оппоқ, улкан Сақоқушларини, ёввойи ўрдакларни, юзлаб балиқ турларини буткул йўқотди. Амударёнинг мавж уриб оққан тўлқинларини, шовқинли куйларини эшитмайсиз.
Орол денгизининг ўрнида эса Ўрта Осиёда улкан 5 миллион гектарлик Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Оролнинг қуриган тубидан йилига 100 млн. тоннадан зиёд қум, чанг, туз юзлаб, минглаб км. масофаларга учиб бормоқда.
Табиат мувозанатини йўқотиб борар экан, қасд олишга ўтмадимикан, деган ўй кўнгилга келаверади. Бундай экологик фалокатлар биргина Марказий Осиё минтақасида эмас, дунёнинг турли бурчакларида ҳар кун содир бўлмоқда. Мангу Греландия музликлари буткул эриб кетиш хавфи остида қолса ёки кутилмаганда Африка мамлакатида ёзнинг чилласида тўсатдан қор ёғса, Хитойга қум бўронлари ёпирилса... Булар ҳеч нарсани англатмайдими?..
Сўнгги 50-60 йил ичида инсоният табиатнинг мислсиз бойликларини, кўр-кўрона тортиб ола бошлади. Яшил ўрмонларни аёвсиз кесиб, ўсимлик ва ҳайвонот оламига ваҳшийларча муносабатда бўлди, ўлдириб, қириб ташладилар. Қани, Турон йўлбарси, қани, Амударёнинг улкан Сақоқушлари, қани, Хоразм воҳасидаги асрга тенгдош гужумлар, тутлар, жийдалар?.. Ҳозирги кунда уларни бирон-бир ўсиб турган тубини, жойини ҳам кўрмайсиз. Она табиат бизга инъом этган Орол денгизини бой бердик, мангу музликларини эритиб юбордик, Турон йўлбарсини йўқотдик. Энди уларни асл ҳолатига келтириш ғайри имкон.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сенат минбарида туриб, «Юртимизда экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бормоқда. Буни содир бўлган қум бўронлари ҳам яна бир бор тасдиқлади. Орол денгизнинг қуриши билан боғлиқ вазият тобора кескин тус олмоқда. Шу борада биз Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш борасидаги фаолиятимизни жадаллаштиришимиз керак», дедилар.
Атмосферага ёйилаётган тонналаб заҳарли газлар, Оролқум тубидан чиққан туз, қумларнинг шамол таъсирида кўтарилиб, Арктикагача етиши бугун улкан муаммога айланди. Еримиз аҳолиси ҳам тез суръатларда кўпайиб бормоқда. Чексиз само, галактикамизда айланиб юрган она сайёрамиз бу кун экологик хавф остида қолди. Табиатни авайлашга барчаммиз масъулмиз. Акс ҳолда, у биздан аёвсиз қасд олишга ўтади.
Марҳамат МАТВАФАЕВА,
Ўз РФА Ботаника институти
Миллий гербарий етакчи мутахассиси,
биология фанлари номзоди