Табаррук онахонга “Шуҳрат” медали топширилди
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан 100 ёшдан ошган кекса авлод вакилларидан бир гуруҳи “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Уларнинг орасида Нукус шаҳри “Қурилишчи” маҳалласида истиқомат қилувчи Базар ая Бекбергенова ҳам бор. Бугунги кунда 102 ёшни қаршилаётган табаррук онахон фарзандлари, невара, эвара ва чевараларининг ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев байрам арафасида Базар ая Бекбергенова хонадонида бўлиб, мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги билан муборакбод этди. Онахонга “Шуҳрат” медалини ҳамда байрам совғаларини топширди.
Ўз навбатида онахон кекса авлод вакилларига кўрсатаётган эътибори ҳамда ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин-сочин бўлишини тилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири