Сувни тежаш келажак олдидаги масъулиятдир
Бухоро вилоятида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик маданиятни юксалтириш ҳамда аҳоли ўртасида сувни асраш ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан “Сувни тежаш — келажакка эътибор” шиори остида форум ташкил этилди.
Форум давомида бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё учун долзарб бўлиб бораётган сув танқислиги муаммолари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, “Марказий Осиёда сув танқислиги муаммолари”, “Сув – тириклик манбаи”, “Бухоро вилоятида сув таъминоти соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар”, “Сув танқислиги шароитида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чоралари” ҳамда “Бухоро вилоятида ичимлик суви таъминоти истиқболлари” мавзуларида маърузалар тингланди.

Мутахассислар томонидан сув ресурсларини бошқаришда илмий ёндашувларни кенг жорий этиш, сув сарфини аниқ ҳисобга олиш тизимларини такомиллаштириш, сув тежамкор технологиялардан фойдаланиш, соҳани рақамлаштириш ва замонавий бошқарув механизмларини татбиқ этиш юзасидан муҳим таклифлар билдирилди.
Шунингдек, олимлар ва соҳа мутахассислари иштирокидаги муҳокамаларда сувдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш бўйича янги ташаббус ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбирда сўзга чиққан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши раиси ўринбосари Жаҳонгир Шарипов сувнинг ҳаётимиздаги беқиёс аҳамияти ҳақида фикр билдириб, ҳар бир томчи сувнинг қадрини англаш зарурлигини таъкидлади.

–Бир томчи сув рангсиз ва шаффоф бўлиши мумкин, аммо унинг моҳияти беқиёс. Сув ҳаётнинг асоси, табиатнинг жон томири ва инсон фаровонлигининг муҳим гаровидир. Бугун сув ресурсларини асраш нафақат иқтисодий эҳтиёж, балки келажак авлодлар олдидаги масъулият ҳамдир. Оддий кўринган сувни тежаш одатлари орқали катта натижаларга эришиш мумкин, –деди у.

Форум иштирокчилари томонидан сув ресурсларини муҳофаза қилиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш ва экологик онгни юксалтириш ҳар бир фуқаронинг муҳим вазифаси экани алоҳида қайд этилди.

Тадбир якунида форум ишида фаол иштирок этган маърузачилар ва мутахассислар Ўзбекистон Экологик партиясининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири