Сув хўжалиги вазиридан хайрли ташаббус
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ташаббуси билан Сирдарё вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳашари ташкил этилди. Эрта тонгдан водий вилоятларининг 100 нафардан кўпроқ сувчи ходимлари ўзлари билан биргаликда 10 000 тупдан, жами 30 000 туп, Жиззах вилоятидан Жанубий Мирзачўл магистрал канали ҳамда Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасининг 100 нафар ҳашарчилари 10 000 туп манзарали дарахт кўчатлари билан Сирдарё вилоятига етиб келди.
Ноқулай об-ҳавонинг инжиқликларига қарамасдан фидоий сувчилар Сайхунобод ва Мирзаобод ҳудудларида улкан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бошлаб юборди. Канал ва зовурларнинг муҳофаза майдонлари бегона ўтлар ва чиқиндилардан тозаланиб, белгиланган режа асосида манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиб, сўнгра оқлаб чиқилди. Ҳашар тадбирига жалб қилинган 2 дона экскаватор канал ва зовурларда тозалаш ишларини бажариб, сув ўтказиш қувватини янада яхшилашга ҳисса қўшди.


– Вазиримиз ташаббуси билан водий вилоятлари ва жиззахлик ҳамкасбларимизнинг вилоятимизга ташрифи биз сирдарёлик сувчиларни беҳад руҳлантириб юборди, – дейди Қуйи Сирдарё ИТҲБ бошлиғи Шавкат Исраилов. – Ҳашарчилар билан биргаликда вилоятнинг 400 нафар сувчи ходимлари ҳам кўчат ўтқазиш ишларида фаол иштирок этди.
Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасидаги ҳашар ишлари давом этмоқда.


Ш.Суяров,ЎзА